Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Billie Jean King Cup мусобақасида энг кучли тўртликдан жой олди
Малайзияда ўтказилган Billie Jean King Cup Asia/Oceania Group II мусобақасида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ўтган йилгига нисбатан анча муваффақиятли иштирок этди.
Малайзияда ўтказилган Billie Jean King Cup Asia/Oceania Group II мусобақаси Ўзбекистон аёллар терма жамоаси учун ижобий натижалар билан якунланди.
Мусобақанинг гуруҳ босқичида муваффақиятли иштирок этган терма жамоамиз плей-офф йўлланмасини қўлга киритди ва Asia/Oceania Group I дивизионига чиқиш учун курашни давом эттирди.
Ярим финалда ўзбекистонлик теннисчилар Филиппин терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Дастлабки яккалик учрашувида Нигина Алимова Тенниэлле Мадисга 4:6, 5:7 ҳисобида мағлуб бўлди. Кейинги баҳсда эса Севил Йўлдашева Шаира Ривера устидан 6:3, 7:5 ҳисобида ғалаба қозониб, жамоалар ўртасидаги мувозанатни тиклади.
Шундан сўнг ғолиб тақдирини жуфтлик баҳси ҳал қилди. Нигина Алимова ва Севил Йўлдашева Алекса Жой Миллиам ҳамда Шаира Риверага қарши кортга чиқди. Уч сет давом этган муросасиз учрашувнинг дастлабки икки қисмида жамоалар биттадан ғалабага эришди. Супер тай-брейкда эса омад филиппинлик теннисчилар томонида бўлиб, улар 10:6 ҳисобида устун келди.

Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Asia/Oceania Group I дивизионига чиқиш имкониятини бир қадам қолганда қўлдан чиқарди ва келаси мавсумни яна Asia/Oceania Group II мусобақасида бошлайди.
Айни пайтда жамоа ўтган йилги иштирокини сезиларли даражада яхшилаганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. 2025 йилги мусобақада саккизинчи ўрин билан чекланган терма жамоамиз бу сафар ярим финалга қадар етиб борди, турнирнинг энг кучли тўрт жамоаси сафидан ўрин олди ҳамда юқори дивизион йўлланмаси учун охирги очкога қадар кураш олиб борди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА