Жонбиби Ҳукмова мамлакат чемпионига айланди
Енгил атлетика бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг эрталабки дастурида спортча юриш, 400 метрга ғовлар оша югуриш, 100 метрга югуриш ҳамда босқон улоқтириш йўналишларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда. Мусобақа доирасида бир қатор финал баҳслари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Аёллар ўртасидаги 100 метрга югуриш баҳсида Жонбиби Ҳукмова 11.68 сония натижа билан чемпионликни қўлга киритди. Нурхон Очилова 12.13 сония билан иккинчи, Зайнаб Аҳатқулова эса 12.41 сония билан учинчи ўринни эгаллади.
Эркаклар ўртасидаги 10 минг метрга спортча юриш мусобақасида Озодбек Саидов (45:00.33) олтин медалга сазовор бўлди. Фатҳулла Тоғаев кумуш, Шаҳбоз Тошпўлатов эса бронза медалини қўлга киритди. Аёллар баҳсида Диана Яфасова (51:28.64) чемпионликни нишонлади. Дилнура Алиева ва Шаҳзода Эргашева мос равишда иккинчи ҳамда учинчи поғонадан жой олди.
400 метрга ғовлар оша югуришда Ҳасанбек Рустамжонов 52.80 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди. Муҳаммадсодиқ Каримов иккинчи, Сарвар Бакиров учинчи ўринни эгаллади. Аёллар ўртасида Нурхон Очилова ғолиб бўлган бўлса, Динара Анварова кумуш, Сабрина Ғойибназарова бронза медалига сазовор бўлди.
Босқон улоқтириш баҳсларида Зарина Носиржонова аёллар ўртасида 59.91 метр натижа қайд этиб, шоҳсупага кўтарилди. Элина Силямиева иккинчи, Дилноза Кубаева учинчи ўринни эгаллади.
Эркаклар ўртасида мазкур дастурда Умиджон Ҳасанов 61.07 метр натижа билан чемпионликни қўлга киритди. Муҳаммадазиз Носиров кумуш, Жавоҳирбек Алиев эса бронза медали соҳиби бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА