Ўзбекистон авиация хавфсизлигини таъминлашга қаратилган халқаро Конвенцияларга қўшилмоқда
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Халқаро фуқаро авиациясига нисбатан қонунга хилоф тарздаги хатти-ҳаракатларга қарши курашиш тўғрисидаги Конвенцияга (Пекин, 2010 йил 10 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
— Мазкур Конвенция фуқаро авиацияси хавфсизлигига таҳдид солувчи ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш, терроризмга қарши курашиш ва бу борада давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган, — деди депутат У.Ёкубхўжаев. — Хусусан, Конвенция ҳаво кемаларини йўқ қилиш, улардан қурол сифатида фойдаланиш, хавфли материалларни қонунга хилоф равишда ташиш, аэропортлар ва аэронавигация воситаларига тажовуз қилиш каби жиноятларга қарши курашишнинг халқаро ҳуқуқий асосларини белгилайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаро авиациясини ривожлантириш, аэропортларни модернизация қилиш, янги авиакомпаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва ҳаво ташувлари бозорида рақобат муҳитини кенгайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, 2025 йил якунларида 13 та маҳаллий ва 50 та хорижий авиакомпания икки юздан ортиқ йўналишларда мунтазам қатновларни амалга оширган. 2026 йил ноябрь ойига келиб ҳаво кемалар сони юздан ошган. Бу Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро авиация алоқаларидаги иштироки кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Халқаро авиақатновлар кўлами ортиб бораётган бир шароитда авиация хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан Конвенцияга қўшилиш авиация соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти доирасидаги баҳолаш кўрсаткичларини яхшилаш, халқаро авиация ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
***
Шунингдек, мажлисда “Ҳаво кемаларининг қонунга хилоф тарзда босиб олинишига қарши курашиш тўғрисидаги Конвенцияни тўлдирувчи Баённомага (Пекин, 2010 йил 10 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур Баённома 1970 йилги Гаага конвенциясини бугунги кун талабларига мослаштиришга қаратилган. У ҳаво кемаларини қонунга хилоф равишда эгаллаб олишга қарши курашишнинг халқаро ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиради. Хусусан, Баённома ҳаво кемаларини куч ишлатиш ёки таҳдид қилиш билан бир қаторда, мажбурлаш, қўрқитиш ёхуд замонавий техник воситалардан фойдаланиш орқали эгаллаб олиш ҳолатларини қамраб олади. Шунингдек, бундай жиноятларни ташкил этиш, уларда иштирок этиш ва уларга кўмаклашиш учун жавобгарликни таъминлашга оид қоидаларни белгилайди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг ушбу Баённомага қўшилиши ҳаво кемалари, йўловчилар ва экипаж аъзолари хавфсизлигини таъминлаш, авиация соҳасидаги трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш ҳамда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳуқуқий ҳамкорликни кучайтириш имконини беради.
Ҳар иккала қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА