Хорижий ҳарбий тузилмаларга ёлланганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Бугунги кунда айрим фуқароларимизнинг чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий армиядаги органларга ихтиёрий равишда хизматга кириши, шунингдек, бундай хизматга мажбуран ёллаш ҳолатлари учрамоқда.
Биргина 2025 йилда ушбу турдаги жиноятлар сони аввалги йилга нисбатан қарийб 12 баробарга ошган. Бу рақамлар мавжуд ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқиш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш ва бундай қилмишларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш зарурлигини кўрсатади.
Шулардан келиб чиқиб, “Тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши айрим тоифадаги жиноятлар учун жавобгарлик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент қуйи палатаси мажлисида муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 154/1-моддасига ўзгартиришлар киритилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши учун жиноий жавобгарлик такомиллаштирилмоқда. Хусусан, хизматга ёллаганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Шунингдек, хорижий давлатлар ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этиш билан боғлиқ жиноий қилмишлар учун жавобгарлик нормалари аниқлаштирилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларимизнинг хориждаги қуролли можароларга жалб этилишининг олдини олиш, миллий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА