“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ўрганилмоқда
Андижонда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган муҳокама йиғилишида вилоят бошқармалари, олий ўқув юртлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда келгуси 7 йил давомида мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.
– Кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси мамлакатимизнинг келгуси етти йил давомидаги ривожи асосий йўналишларини белгилаб беради, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов. – Стратегияда унинг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, унда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган.
[gallery-13094]
Иштирокчилар томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳаларида муддатлар ва ижрочилар кесимидаги амалий вазифалар, эришиладиган аниқ мақсадли кўрсаткичлар ва стратегияни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати шакллантирилиши ва тасдиқланиши таъкидланди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг йўналиш ва мақсадлари акс эттирилган инфографикалар тўплами тақдим этилди. Муҳокама давомида Стратегияни амалга оширишнинг бешта устувор йўналиши бўйича, жумладан, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, маҳалла бюджети тизимини тўлиқ ишга тушириш, давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, республика ҳудудининг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш каби қатор мақсадли кўрсаткичлар муҳокама қилиниб, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Стратегиянинг мақсад-мазмунини тарғиб этиш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва таълим ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилардан лойиҳалар муҳокамасида фаол иштирок этишлари, ўз таклифларини regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz порталларига юборишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА