“Ўзбекгидроэнерго” делегацияси Кореяда гидроэнергетика тажрибасини ўрганди
Сўнгги ўн йилда мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, замонавий технологиялар ва йирик инвестиция лойиҳалари ҳисобига тармоқ салоҳияти кенгайтирилди. Натижада ГЭСлар сони 36 тадан 106 тага, гидроэнергетика соҳасининг умумий қуввати эса 2,5 ГВтга етказилди.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида гидроэнергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, кичик ва микро ГЭСлар қурилишини кенгайтириш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш мақсадида хорижий тажрибани ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Корея Республикасидаги хизмат сафари давомида гидроэнергетика технологияларига ихтисослашган “Kumsung Engineering & Construction Co., Ltd.” компаниясининг ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди.

Ташриф давомида замонавий гидроагрегатлар ва гидроэнергетика ускуналарини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ҳамда синовдан ўтказиш жараёнлари ўрганилди. Хусусан, паст босимли сув оқимларидан самарали фойдаланишга мўлжалланган, кичик ва микро ГЭСларда қўллаш имконини берувчи инновацион гидроагрегатларнинг техник ечимлари билан танишилди.
Корея тажрибасининг муҳим жиҳатларидан бири ускуналарни ишлаб чиқариш жараёнининг ўзида синовдан ўтказиш, техник параметрларини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолашдан иборат. Мазкур ёндашув Ўзбекистонда замонавий гидроэнергетика ускуналарини ишлаб чиқариш ва такомиллаштиришда муҳим амалий аҳамиятга эга.

Шунингдек, делегация аъзолари завод яқинидаги “Baekjebo ГЭС” фаолияти ҳамда унда ўрнатилган технологик жиҳозлар билан танишдилар. “Geum River” дарёсида жойлашган мазкур гидротехника иншооти таркибида кичик ГЭС ҳам фаолият юритади. 2011 йилда фойдаланишга топширилган станцияда умумий қуввати 2,64 МВт бўлган 4 та гидроагрегат ўрнатилган.
Жамият ахборот хизматига кўра, “Kumsung E&C Co., Ltd.” 1982 йилда ташкил этилган бўлиб, энергетика соҳаси учун, жумладан, кичик ва микро ГЭСлар ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания сув таъминоти ва суғориш тизимлари, насос станциялари ҳамда бошқа махсус жиҳозларни ҳам ишлаб чиқаради.

Айни пайтда делегациянинг Корея Республикасидаги хизмат сафари давом этмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА