Кореянинг "ақлли" иссиқхоналари Ўзбекистон яшиллик оламини бойитади
Ўзбекистон яшиллик даражасини оширишда замонавий технологияга таянмоқда. Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги "ақлли иссиқхоналар" мамлакат ўрмонларини кўпайтиришга ҳисса қўшади.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўрмонларни барпо этиш ва тиклаш, яшил майдонларни кенгайтириш, чўлланишнинг олдини олиш орқали экологик барқарорликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 млн туп дарахт экиш орқали 2030 йилга қадар республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда., 2026 йил якунига қадар республикада яшил майдонларни кенгайтириш орқали яшиллик даражасини 14.2 фоиздан 15.8 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Албатта, ушбу мақсадларни амалга оширишда ўрмон хўжалиги соҳасига илғор инновацион технологияларни кенг жалб қилиш, замонавий кўчатхоналар барпо этиш энг самарали йўл ҳисобланади. Жанубий Корея Республикасининг KOIСA компанияси билан ҳамкорликда Тошкент кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ташкил этилаётган замонавий “ақлли” иссиқхона ана шу мақсадларга хизмат қилади. 7 гектар майдонда барпо этилган ушбу 14 та smart иссиқхонада йирик ҳажмли ва ёпиқ илдизли кўчатлар махсус контейнерларда етиштирилмоқда.

- Жамоамиз бир неча йилдан буён Ўзбекистонда кўчат етиштириш, уларни тоғли ҳудудларга олиб бориб экиш жараёнларини кузатиб келмоқда, дейди лойиҳа бош муҳандиси Жанубий Кореялик доктор Ли Док Со. - Шу вақт давомида биз бир нарсани чуқур англадик: кўчат етиштириш, уни тоғ ёнбағирларига экиш, экилган дарахтларни сақлаб қолиш ва охир-оқибат яхши ўрмон барпо этиш — бу асло осон иш эмас. Шу сабабли жамоамиз бу ишни қандай қилиб самарали амалга ошириш мумкинлиги ҳақида доимий равишда изланиб келади. Бунинг учун сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистоннинг маданияти, табиий шароити ва атроф-муҳит хусусиятларини ўргандик. Шунингдек, Ўзбекистон шароитида кам харажат билан сифатли кўчат етиштириш ва тоғли ҳудудларга экилган дарахтларнинг яхши униб кетишини таъминлаш йўлларини тадқиқ қилиб келдик.

Аслида, ушбу тизим дастлаб Кореяда режалаштирилиб, синов тариқасида ишлаб чиқилди. Шундан сўнг у Ўзбекистонга олиб келиниб, шу ерда ўрнатилди. Ҳозир ҳам Ўзбекистон шароитига энг мос кўчат етиштириш усулларини топиш учун саъй-ҳаракатлар олиб бормоқдамиз. Ишонамизки, лойиҳа 2028 йилда якунланганида, ушбу тизимни Ўзбекистон шароитига мос ва амалда самарали технология сифатида ишонч билан топшира оламиз. Бу ерда турли хил замонавий иншоот ва ускуналар мавжуд. Яъни, кўчат етиштириш соҳаси ривожланган давлатларда қўлланиладиган тизимлар ҳам жорий этилган. Бироқ иш фақат замонавий иншоотлар билан чекланиб қолмайди. Яъни, ушбу лойиҳада илғор кўчат етиштириш тизимлари билан бирга, Ўзбекистон шароитига мос усулларни ҳам уйғунлаштириб қўллаяпмиз. Бизнинг асосий истагимиз шуки, бу ерда ёғингарчилик кам ва дарахт экиш учун шароит унчалик қулай бўлмаса-да, Ўзбекистон ўрмонлари тобора яшиллашиб борсин.

Лойиҳанинг умумий қиймати 7.5 миллион АҚШ доллари бўлиб, ушбу иссиқхоналар мажмуи келгуси октябрь ойида тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Кореялик мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий усулларда кўчатлар етиштириладиган ушбу смарт иссиқхоналар бир қанча афзалликларга эга. Биринчидан, бу ерда илғор технологик ускуналар ёрдамида сув сезиларли даражада тежалади. Ниҳоллар ерда эмас, махсус тувакларда етиштирилиши ҳисобига ўртача 1 йилда экиш учун тайёр бўлади.

Автоматик бошқарув ҳисобига қўл меҳнати камаяди. Барча жараёнлар махсус дастур кўмагида бажарилади ва пировардида кўчатларнинг сифатли ривожланишига эришилади. Асосийси, бундай шароитларда махсус контейнерларда етиштирилган кўчатларни тоғли ҳудудларга етказиш, экиш анча осон ва айни жиҳатлар ҳам харажатлар камайишига хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА