“Ўзбекгидроэнерго” АЖда йил сарҳисоби
Гидроэнергетика Ўзбекистонда барқарор энергия манбаи сифатида стратегик аҳамиятга эга бўлиб, бу йўналишда кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиздаги гидроэлектрстанциялар тизими модернизация қилиниб, янги объектлар қурилиши давом этмоқда ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича замонавий чора-тадбирлар қўлланилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар нафақат энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки экологик барқарорликни таъминлашга ҳам қаратилган.
Шу билан бирга, гидроэнергетика соҳасида ёш мутахассисларни тайёрлаш, илғор технологияларни жорий қилиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш устувор вазифалардан бирига айланмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖда 2024 йил якунларига бағишланган видеоселектор шаклида кенгайтирилган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.
Ижро аппарати ходимлари, барча тизим корхона ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари иштирок этган тадбирда жамият бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов йил давомида эришилган натижалар, гидроэнергетика соҳасидаги ютуқлар ва келгуси режалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, амалга оширилаётган гидроэнергетика лойиҳалари нафақат мамлакатда энергия барқарорлигини таъминлаш, балки иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шундан келиб чиқиб, тадбирда жорий йилдаги ютуқлар билан бирга, 2025 йилдаги асосий вазифаларга асосий эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида гидроэнергетика соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган раҳбар ва ходимлар “Гидроэнергетика ифтихори” кўкрак нишони ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА