“Ўзбекфильм”га миллий мақом берилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Кино – миллатнинг тарихи, бугуни ва эртасини битта экранда акс эттирадиган санъат.
Яқинда бухоролик ёш кино ижодкорлар Суҳроб Қодиров ва Дилшод Усмоновнинг “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” номли қисқа метражли фильми Франциянинг Канн шаҳридаги инклюзив фильмлар халқаро фестивалида Гран-при соҳиби бўлди.
Уларга ижодини давом эттириш учун 1 миллиард сўм миқдорида ваучер берилади.
— Бизга ҳар йили халқаро фестиваллар даражасида эътироф этиладиган турли мавзулардаги камида 5-10 та сифатли фильмлар керак. Бугун халқимиз сизлардан ҳаётий кинофильмлар, сериаллар ва оммабоп ҳужжатли асарларни кутяпти, – деди Президентимиз.
“Ўзбекфильм”га миллий мақом берилиб, маҳаллий ва халқаро киноиндустрияга хизмат кўрсатадиган марказий киноконцернга айлантирилади.
Миллий фильмларимизни халқаро бозорларга олиб чиқиш мақсадида глобал кино платформалари билан ҳамкорлик кучайтирилади.
ЎзА