Ўзбек заъфарони сертификати муддати узайтирилди
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “BMB ZA'FARON” маҳсулоти яна бир йиллик муддатга “USDA ORGANIC” сертификатига эга бўлди.
Европалик мутахассислар томонидан Жиззах вилоятининг Бахмал тумани далаларидаги заъфарон плантацияларида ўтган 2024 йилги маҳсулотини экиш, етиштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, териб олиш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш жараёнлари тўлиқ ўрганиб чиқилди.
Ўзбек заъфарони маҳсулоти Европанинг энг мураккаб бўлган синов лабораторияларида бир неча маротаба текширувлардан ўтказилиб, улардан муваффақиятли ўтди ва олий сифат деб топилди. Ана шу текширувлардан сўнг “Control Union Certifications” (Нидерландия) ташкилоти томонидан берилган “USDA ORGANIC” сертификатининг муддати яна бир йилга узайтирилди.

“USDA ORGANIC” – бу АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган экологик сертификат бўлиб, ушбу сертификатлаш фақат малакали ва ваколатли “USDA ORGANIC” ходимлари томонидан амалга оширилади. “USDA” ёки Миллий органик стандарт мамлакат фуқароларини соғлом ва табиий органик маҳсулотлар истеъмолига ўтказиш учун ноёб миллий дастурнинг бир қисми сифатида қабул қилинган.
Бугунги кунда “USDA ORGANIC” деб белгиланган маҳсулотлар 100 фоиз экологик тоза, табиий ингредиентларни ўз ичига олиши кафолатланади.
Шунингдек, АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси Ўзбекистондан АҚШга “BMB Zaʼfaron” бренди остида Бахмал далаларида етиштирилган заъфарон маҳсулотини импорт қилишига рухсат этилди.
Эндиликда “BMB Zaʼfaron”нинг экспорт географияси янада кенгайиб, халқаро бозорларда янги имкониятлар эшиги очилди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири