Ўзбек тилида янграган Ватан мадҳи (+видео)
21-октябрь — Ўзбек тили байрами куни
Ўзбекистон — турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, бир мақсад йўлида бирлашган юрт. Бу заминда турли тилларда сўзлашадиган, турли маданият ва анъаналарга эга инсонларни Ватанга бўлган муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва дўстлик туйғулари бирлаштиради.
Ўзбек тили эса уларни янада яқинлаштирадиган, қалбларни боғлайдиган маънавий кўприкдир. Уни қадрлаш, ўрганиш ва ҳурмат қилиш — Ўзбекистоннинг бой маданияти ва қадриятларига ҳурмат ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита томонидан ташкил этилаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар ҳам халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбек тили байрами муносабати билан юртимизда яшаётган турли миллат вакиллари ҳам ўзбек тилида Ватанни тараннум этувчи шеърлар айтиб, юртга бўлган меҳр ва садоқатларини ифода этдилар. Уларнинг самимий чиқишларида бирдамлик, бағрикенглик ва Ўзбекистонга дахлдорлик туйғулари яққол намоён бўлди.
Зеро, Ватанни севишнинг тили, миллати йўқ. Уни севган қалблар эса доимо бир-бирига яқиндир.
Н. Раҳмонова, С. Обиджонов (монтаж), ЎзА