Ноқонуний "Умра" зиёратини ташкил этиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди
Самарқанд шаҳри ва Наманган вилоятида фуқароларни ноқонуний равишда “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан минглаб доллар маблағ талаб қилган шахслар аниқланди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи оилавий корхона вакили “Умра” зиёратини ташкил этиш учун тегишли ваколатга эга бўлмаганига қарамай, фуқаронинг ишончига кирган. У фуқаро ва унинг икки нафар қариндошини Саудия Арабистонига зиёратга юбориш ҳамда барча диний амалларни адо этишлари учун шароит яратиб бериш эвазига 3 450 АҚШ доллари талаб қилган.
Мазкур шахс талаб қилинган маблағдан 3 000 АҚШ долларини олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Наманган вилоятида ҳам қайд этилди. Хусусан, Наманган туманида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари Учқўрғон туманида яшовчи фуқарони ноқонуний равишда “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 1 350 АҚШ доллари талаб қилган. У олдиндан 1 200 АҚШ долларини олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА