Ўзбек тили аждодлар ва авлодлар тилидир
Ҳар йили 21 октябрни “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун сифатида нишонлаган бўлсак, мана бешинчи йилдирки ушбу сана “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг кўламда байрамона нишонланмоқда.
Сана муносабати билан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида вилоят марказида қад ростлаган ўзбек адабий тилининг асосчиси Мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
21 октябрь 1989 йил. Бундан роппа-роса 35 йил олдин “Давлат тили ҳақидаги”ги қонун қабул қилинган эди. 2020 йил 10 апрелда эса “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзоланиб, унга кўра ҳар йили 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонлаш белгиланди.
Дастлаб сўзга чиққанлар томонидан она тилимиз – ўзбек тилининг нуфузини янада ошириш, давлат тилида иш юритишни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.
Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда дунё аҳолиси 7000 дан зиёд тилда гаплашади ва уларнинг фақатгина 200 га яқинида давлат тили ёки расмий тил мақоми мавжуд экан. Маълумотларга кўра, ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли ўзбек тилида сўзлашади.
– Она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев. – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак сиёсий саммит ва учрашувларида тилимиз баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани қалбларимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради. Мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиб, Президентимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг “Алишер Навоий” номидаги халқаро мукофоти таъсис этилгани буюк аждодимиз хотираси ва бебаҳо меросига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси бўлиши баробарида она тилимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан “Навоий тили”, дея бежиз эътироф этилмаганлигининг амалий ифодасидир.
[gallery-19868]
Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида вилоят санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари