Ўзбек талабалари Халқаро космик ўйинларда қатнашади
Москва шаҳрида Халқаро космик ўйинларга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Мусобоқада Россия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мексика, Покистон ва Ўзбекистоннинг етакчи муҳандислик олий ўқув юртлари талабалари ва ўқитувчилари ўзаро беллашади.
26 октябрдан 1 ноябрга қадар давом этадиган беллашувлар замонавий космик тармоқнинг бир нечта асосий йўналишларини ўз ичига олади. Иштирокчилардан бир вақтнинг ўзида энергетика тизимлари, робототехника, космик маълумотларни таҳлил қилиш ва сунъий интеллект технологиялари бўйича билимлари синовдан ўтказишади.
Халқаро космик ўйинлар университетлар жамоалари ўртасидаги мусобақа билангина чекланиб қолмайди. Мусобоқа доирасида мактаб ўқувчилари ва талабалар иштирокида «Орбита» халқаро космик турнири ҳам ташкил этилади. Унда ёш тадқиқотчилар ўз космик лойиҳаларини тақдим этадилар.
Россия Фан ва таълим вазири Валерий Фальковнинг сўзларига кўра, беллашувларнинг амалий қисми бугунги муҳандислик таълимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бирига айланади. Жадал технологик ўзгаришлар янгича тартибни шакллантириб, меҳнат бозорида мутахассисларга бўлган талабни ўзгартирмоқда. Ва бу шароитда, олий таълим амалиётга йўналтирилган, мослашувчан ва кўплаб фанларни ўзида қамраб олган бўлиши керак, дейди вазир.
Халқаро космик ўйинлар ана шу қарашларни амалиётга тадбиқ қилиш имконини беради. Бу ерда иштирокчилар назарий билимларини намойиш этиш билан бирга, ўз тенгдошлари билан тажриба алмашиб, бир қанча технологик соҳаларда биргаликда ечим топиш бўйича хамкорлик қилишади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА