“O‘zaltın Holding” компанияси Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасига қизиқиш билдирди
“Ўзатом” агентлиги раҳбарияти ва Туркиянинг “O‘zaltın Holding” компанияси бош ижрочи директори Музаффер Ўздемир бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистондаги атом электр станцияси лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, АЭС учун зарур инфратузилмани яратиш, умумқурилиш ва ер ишларини амалга ошириш, гидротехник иншоотлар, транспорт ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш йўналишлари муҳокама қилинди.
“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаевнинг таъкидлашича, АЭС лойиҳасини амалга оширишда халқаро тажрибадан фойдаланиш билан бир қаторда, маҳаллий корхоналарни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва миллий кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“O‘zaltın Holding” бош ижрочи директори Музаффер Ўздемир компаниянинг энергетика ва йирик инфратузилма объектларини қуришдаги тажрибаси ҳақида маълумот берди. У компанияда умумқурилиш ва ер ишлари, гидротехник иншоотлар, транспорт инфратузилмаси ҳамда ижтимоий объектлар қурилиши бўйича тегишли салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Шунингдек, компаниянинг Туркияда амалга оширган йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳалари, жумладан, “Akkuyu” АЭС ходимлари учун Силифкеда барпо этилган турар жой мажмуасидаги умумқурилиш ишлари бўйича тажрибаси тилга олинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ўрганиш, зарур ахборот алмашинувини давом эттириш ва ўзаро мулоқотни янада фаоллаштиришга келишиб олди.
Агентлик ахборот хизматига кўра, “O‘zaltın Holding” 1965 йилда ташкил этилган Туркиянинг йирик қурилиш компанияларидан бири ҳисобланади. Компания гидроэлектр станциялари, тўғонлар, автомобиль йўллари, кўприклар ва сув инфратузилмаси объектларини қуриш соҳасида фаолият юритади. Компаниянинг лойиҳалари Туркиядан ташқари Руминия, Словения, Венгрия, Беларусь ва Иорданияда ҳам амалга оширилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА