Ўзбек шоирасининг китоби Албанияда ҳам эътироф этилди
Таниқли ўзбек шоираси, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хосият Рустамованинг Америкада чоп этилган “Мени юраклардан изланг” номли шеърий китоби ҳақида Албаниядаги нуфузли адабий нашр – ExLibri журналида бир саҳифа таҳлилий мақола эълон қилинди.
Мазкур мақола муаллифи дунёга машҳур адабиётшунос Фатбардҳ Амурси шоира Хосият Рустамова ижодининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталиб, бетакрор юртимизнинг гўзал манзаралари ва ўзбек халқининг юксак миллий қадриятлари, самимий ва тоза туйғулар, меҳр ва садоқат хусусида батафсил маълумотга эга бўлганини ёзади.
Бу, албатта, бугунги ўзбек шеъриятига муносиб эътирофдир.

Муаллиф Хосият Рустамова шеърларининг дунёга кенг танилиши ва эътироф этилишининг асосий сабаби унинг ижодида инсониятга тааллуқли эзгу ғоялар, покиза туйғулар устуворлигини таъкидлайди.
Хосият Рустамова – бир неча сценарийлар, драмалар, кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи.
Ижодкор – “Шуҳрат” медали ҳамда “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти соҳибаси. Шоира Россия Ёзувчилар уюшмасининг нуфузли „Олтин Рицар“ каби мукофоти билан ҳам тақдирланган. Колумбиянинг The World Poet Movement (Жаҳон шеърияти ҳаракати)нинг Ўзбекистондаги координатори саналади.
Хосият Рустамованинг «Осмондаги уй» (1997), «Нажот» (2003), «Ридо» (2004), «Девор» (2006) ва бошқа шу каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Бу китоблар адабиёт мухлислари томонидан севиб мутолаа қилинади.
Хосият опа Марина Цветаева, Анна Ахматова, Борис Пастернак ва бошқа кўплаб ижодкорларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Х.Рустамованинг самимий, юракдан жой олувчи шеърий тўпламлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, бир қатор халқаро мукофотларга муносиб топилган.
Н.Усмонова, ЎзА