Ўзбек – қирғиз дўстлиги абадийдир
Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Энг асосийси, юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тенглиги, ўзаро дўстлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.
Андижон вилоятида ҳам турли миллат ва элат вакиллари аҳил иноқликда яшаб келмоқда. Ўзбекистон фуқароси сифатида улар амалдаги барча ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлақонли фойдаланмоқда. Айниқса, уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун барча шароитлар яратилган. Буни вилоятда фаолият юритаётган республика Қирғиз, Рус, Уйғур, Корейс ҳамда Арман миллий маданий марказлари бўлимлари фаолияти мисолида кўриш мумкин.
Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилояти бўлими 1996 йилда ташкил этилган. Бугун Андижон вилоятида 150 мингдан зиёд қирғиз миллати вакиллари яшайди. Улар Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида нисбатан уюшган ҳолда истиқомат қилади. Вилоятда уларнинг миллий анъана ва урф-одатларини давом эттириш, ўз она тилида таълим олиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган.
– Марказимиз томонидан Ўзбекистонда яшаётган турли халқ, миллат ва элатларнинг ўзаро дўстлиги ва тотувлигини мустаҳкамлаш, юртни обод қилиш, тинчлигини асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Обиджон Носиров.
Дарҳақиқат, миллий маданий марказ ташаббуси билан вилоятнинг Андижон, Хонобод шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат туманларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Ўзбекистон – ягона ватаним”, “Туғилган ер – Ватандир”, “Она ягона, Ватан биттадир”, “Аҳил ва иноқлигимиз – дўстлигимиз пойдевори”, “Шу азиз юрт – барчамизники!” каби мавзуларда дўстлик фестиваллари, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, жойларда қирғиз миллий байрамларига бағишланган тадбирлар ҳам доимий равишда ўтказилади.
– Кейинги йилларда юртимизда яшаётган қирғиз миллати вакилларига ўз она тилида билим олиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани бизни беҳад қувонтиради, – дейди Андижон давлат педагогика институти филология факультети қирғиз тили таълими кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори, доцент Маҳбубахон Темирова. – Институтимизда қирғиз тили таълими кафедраси тасарруфида учта - қирғиз тили ва адабиёти, мактабгача таълим ҳамда бошланғич таълими йўналишларида мутахассислар тайёрланмоқда. Бугунги кунда ушбу йўналишларда 60 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Бундан ташқари, айни кунда вилоятдаги битта давлат ихтисослашган умумтаълим мактабида таълим тўла қирғиз тилида олиб борилади, бундан ташқари, 21 та мактабда қирғиз ва ўзбек-қирғиз тилларида ўқийдиган синфлар бор. Ушбу мактаблар қирғиз тилидаги дарсликлар билан таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ўқитувчиларга зарур услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шу билан бирга мактаб кутубхоналарини қирғиз тилидаги адабиётлар билан бойитиш мақсадида давлат ҳисобидан ўзбек адабиётининг таниқли намояндалари Ғофур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф каби ёзувчи ва шоирларнинг асарлари қирғиз тилига таржима қилиниб, китоб этиб чоп этилган. Ана шу китоблар юқоридаги мактабларга етказилган.
[gallery-24623]
Марказ ташаббуси билан вилоятда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар билан учрашувларда миллатлараро дўстлик, юртга садоқат мавзулари тарғиб этилмоқда. Андижонлик ижодкорлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Баҳодир Андижоний, Хуршида Ваҳобжон қизи, Ҳабиб Сиддиқ сингари ижодкорларнинг қатор асарлари қирғиз тилига таржима қилинган. Марказ томонидан ижодий уюшмаларнинг вилоят бўлимлари, Мактаб ва мактабгача таълим туман, шаҳар бўлимлари билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида қирғиз ёзувчи ва шоирлари, хусусан, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этишга қаратилган адабий тадбирлар ўтказиб келинади.
Қирғиз миллий маданий маркази вилоят бўлими нафақат ўзбек ва қирғиз, умуман, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, балки қўшни Қирғизистон Республикаси билан маданий, маърифий, таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ишларига ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Жумладан, бўлим ташаббуси билан қирғизистонлик олимлар, маданият, маънавият соҳалари вакиллари иштирокида вилоятда яшовчи қирғизлар билан учрашувлар, мулоқот ва давра суҳбатлари доимий равишда ўтказиб келинади.
Жумладан, Ўш давлат университетининг бир гуруҳ олимлари вилоятдаги қирғиз тилида ўқитиладиган мактабларда бўлиб, ўқувчи ёшлар, педагоглар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Меҳмонлар мактаблардаги шарт-шароитлар, яратилган имкониятларга юқори баҳо берди. Айниқса, Ўзбекистонда бошқа миллат вакилларига кўрсатилаётган эътибор алоҳида эътироф этилди.
Қирғизистон Республикаси “Тил” жамияти раҳбари Раимжон Қурбонов Қўрғонтепа туманидаги 30- давлат ихтисослаштирилган мактаби, Жалақудуқ туманидаги 15- умумтаълим мактаби ўқувчи ва ўқитувчилари билан учрашувлар ўтказди.
– Қирғизистон Республикасида маънавий-маърифий ишларга бош бўлган “Тил” жамияти раҳбари мактабимиз фаолияти, ўқув жараёнлари билан танишиб, очиғи, масканимизда яратилган шароитларга ҳаваси келди, – дейди Жалақудуқ туманидаги 15- умумтаълим мактаби директори Гулмира Қодирова. – Ҳақиқатдан ҳам вилоятнинг чекка ҳудудларидан бирида жойлашган мактабимизда қирғизларнинг ўз она тилида билим олиши, ўқиб-ўрганиши учун зарур барча шароитлар яратилган.
Шунингдек, марказ ташаббуси билан 27 нафар андижонлик аёллар Жалалобод вилоятидаги дам олиш оромгоҳида дам олиб қайтди. У ерда қирғизистонлик аёллар билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда турли йўналишларда ўзаро ҳамкорликни, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш хусусида дилдан суҳбатлар ўтказилди. Чегара ҳудудларида яшовчи ўзбек ва қирғиз аёлларининг ана шундай учрашув-мулоқоти Андижон шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.
Вилоятда яшаётган барча миллат вакиллари қатори қирғиз халқи вакиллари ҳам юртимиз ривожи, тараққиёти йўлида меҳнат қилиб келмоқда. Айниқса, Марказ фаоллари – Қўрғонтепа туманидаги 30- давлат ихтисослашган мактаби директори Талайбек Қорабоев, Жалақудуқ туманидаги 15- умумтаълим мактаби директори Гулмира Қодирова, Жалақудуқ туманидаги “Охунбобоев” МФЙ Хотин-қизлар фаоли Шоҳиста Норқўзиева, Хўжаобод туманидаги 10- умумтаълим мактаби ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Ойсулув Тўйчибоева, меҳнат фахрийлари - қўрғонтепалик Келсиной Сўпибекова, Хонобод шаҳрида яшовчи Анорхон Норматова, хўжаободлик Давлатхон Маматбекова, марҳаматлик Камолиддин Ёрматов сингари инсонларнинг меҳнатлари алоҳида эътирофга лойиқ.
– Миллатим қирғиз, лекин Ўзбекистон фуқаросиман, – дейди жалақудуқлик меҳнат фахрийси Сафарали Абдураҳимов. – Юртимизда олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Юртимизда миллатлараро тотувлик, инсонни улуғлаш, меҳнатини қадрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Мен анча йиллардан буён нафақада бўлсам ҳам фахрий журналист сифатида июнь ойида ўтказилган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этдим, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландим, эътибордан кўнглим тоғдай кўтарилди. Очиғи, Ўзбекистонда яшаётганлигим, шу юрт фуқароси эканлигимдан қалбим фахрга тўлади.
Бир сўз билан айтганда, турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки, улар она Ватанимиз тинчлиги, равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшамоқда. Ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги эса абадийдир.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов, (сурат), ЎзА