Ўзбек кинокомедияси 80 ёшда!
“Насриддин Афанди”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Келинлар қўзғалони”, “Абдуллажон”... Бу номларни эшитганда беихтиёр ўзбек томошабинлари юзига табассум югуради.
Дарҳақиқат, кундалик ҳаётимизда ва сўзлашувимизда миллий кинокомедияларнинг алоҳида ўрни бор. Қувонарлиси шундаки, кинокомедия жанрининг ўзбекона характери ва хусусиятлари ҳам мавжуд. Биз бу жанрни бежизга эсламадик. Жорий йилда ўзбек кинокомедияси 80 ёшни қаршилади. Гап шундаки, 1943 йилда “Ўзбекфильм” киностудияси буюртмасига биноан, биринчи ўзбек кинокомедияси “Насриддин Бухорода” фильми томошабинларга намойиш этилган. Фильм Леонид Соловьёвнинг “Тинчлик қўзғатувчиси” романи ва Хўжа Насриддин ҳақидаги Шарқ халқ ривоятларига асосланган.
Воқеа Бухоро амирининг адолатсиз ҳукми, камбағалларнинг камситилиши, ноҳақ қозилар, жамиятдаги табақалашув атрофида рўй беради. Насриддин бу ерда адолат учун хизмат қиладиган, ноҳақларни жазолайдиган қаҳрамон сифатида гавдаланади.
Сценарий муаллифлари Виктор Виткович ҳамда Леонид Соловьёв, фильм режиссёри Яков Протазанов, оператор Даниил Демуцкий, бастакор Мухтор Ашрафий.
Фильмда Насриддин ролини Лев Свердлин, Бухоро амири ролини эса Константин Михайлов ижро этган. Шунингдек, кинокомедияда Лутфихоним Саримсоқова, Раҳим Пирмуҳаммедов, Миршоҳид Мироқилов, Асад Исматов, Обид Толипов каби ўзбек актёрлари ҳам иштирок этганлар.
Комедия рус тилида тасвирга олинган, бироқ бугун ўзбек кинофондида қимматли ўрин эгаллайди.
Насриддин – Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ миллий фольклорининг ўзига хос сатирик қаҳрамони. Унинг иштирокидаги машҳур ҳангома ва латифалар асрлар давомида яшаб келмоқда. Шунингдек, кино ва театр соҳасида ҳам бу персонажга бир неча бор мурожаат қилинган. Хусусан, 1946 йил Наби Ғаниев томонидан “Насриддиннинг саргузаштлари” номли яна бир фильм тасвирга олинди. Бу кинокартина айнан биринчи фильм негизида яратилган бўлиб, фильмдаги ролларни асосан ўзбек актёрлари ижро этишган. Хусусан, Насриддин ролини Раззоқ Ҳамроев талқинида томоша қилиш мумкин.
Ўтган 80 йил давомида ўнлаб кинокомедиялар яратилди. Маиший, ижтимоий, фантастик турдаги бу кинокомедиялар рўйхатида халқимиз меҳрини қозонган ва миллий кинематографиямиз олтин фондидан ўрин эгаллаганлари ҳам талайгина. Халқимиз комедия жанрини яхши кўради. Демак, ушбу жанрда ишланган янги фильмларга талаб ҳеч қачон камаймайди.
Зарина Қодирова, Ўзбекистон давлат
санъат ва маданият институти магистранти,
ЎзА