“Ўзатом” ва “Росатом” лойиҳа экспертизаси бўйича ҳамкорликни кучайтиради
Жорий йилнинг 22-23 июль кунлари “Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекцияси делегацияси Москва шаҳрида хизмат сафари билан бўлиб, атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ишчи учрашувлар ўтказди.
Ташриф доирасида “Росатом” давлат корпорациясининг капитал қурилиш бўйича директори Дмитрий Волков ҳамда Тармоқ капитал қурилиш маркази вакиллари билан музокаралар ташкил этилди. Учрашувда Жиззах вилоятида барпо этилаётган интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳаси учун тайёрланаётган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш жараёнини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиби, ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ҳамда миллий мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Музокаралар якунлари бўйича экспертиза жараёнларини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Россия мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳни ташкил этишга келишиб олинди. Янги тузиладиган гуруҳ лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнидаги ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш ва икки томон ўртасидаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйишга хизмат қилади.
Сафар давомида делегация Атом саноати қурилиш комплекси ташкилотлари ассоциацияси раҳбарияти билан ҳам учрашди. Унда Ассоциация таркибига кирувчи компанияларнинг Ўзбекистондаги атом энергетикаси лойиҳаларида иштирокини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Венгриянинг “MVM EGI Zrt.” компанияси вакили билан ўтказилган музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳукуматлараро келишувлар ижроси доирасида қуруқ градирняларни барпо этиш бўйича яқин муддатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Агентлик ахборот хизмати қайд этганидек, Москвада ўтказилган ушбу учрашув ва музокаралар Жиззах вилоятида қурилаётган интеграциялашган атом электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА