Органик маҳсулотлар етиштиришнинг бугунги ҳолати қандай?
Бугунги экологик шароитда органик маҳсулотлар етиштириш, яъни, кимёвий ўғитлар, синтетик пестицидлар, антибиотиклар ва генетик модификация қилинган организмлар (ГМО)ни қўлламасдан, табиий ва экологик хавфсиз усулда маҳсулот етиштириш долзарб аҳамиятга эга. Органик маҳсулотларнинг афзалликлари шундаки, улар инсон саломатлиги учун хавфсизроқ ва экологик тоза ҳисобланади, тупроқ унумдорлиги узоқ муддат сақланади, халқаро бозорларда юқори талабга эга бўлиб, экспорт имкониятларини оширади.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ташкил этилган “Олам мунозара клуби”нинг навбатдаги сонида “Қишлоқ хўжалигида органик маҳсулотларни етиштириш: яратилаётган имкониятлар ва бугунги ҳолат” мавзуси атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этиб, органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, дунё миқёсида кимёвий воситалардан чекланган ҳолда етиштирилган, хавфсизлиги ва келиб чиқиши тасдиқланган органик маҳсулотларга талаб йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса органик қишлоқ хўжалигини нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам истиқболли йўналиш сифатида ривожлантириш заруратини янада кучайтирмоқда.

Мулоқот давомида органик маҳсулот етиштиришнинг тупроқ унумдорлигини сақлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришдаги ўрни атрофлича муҳокама қилинди.
Экспертлар органик маҳсулот ишлаб чиқаришда маҳсулотнинг етиштирилишидан тортиб, уни йиғиш, сақлаш, ташиш ва сотишгача бўлган барча босқичларда белгиланган талабларга қатъий риоя этилиши зарурлигини қайд этди. Шунингдек, "органик", "табиий" ва "экологик тоза" тушунчаларини аниқ фарқлаш, маҳсулотларни халқаро талаблар асосида сертификатлаш ҳамда лаборатория назоратини такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири сифатида эътироф этилди.

Мунозара давомида республикамизда органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш босқичлари, органик маҳсулотлар соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Мутахассислар органик ишлаб чиқаришга ўтиш жараёнида фермерларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сертификатлаш тизимини соддалаштириш, лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш, органик уруғчилик ва биологик ҳимоя воситаларини кенг жорий этиш ҳамда маҳсулотларнинг кузатувчанлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, ички бозорда органик маҳсулотлар улушини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ГМО бўлмаган маҳсулотларни оммалаштириш ва истеъмолчиларга маҳсулот таркиби ҳамда сифати бўйича ишончли ахборот тақдим этиш долзарб вазифалар сифатида қайд этилди.
Таъкидлаш лозимки, мунозараларда билдирилган таклиф ва тавсиялар мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА