“Ўзархив”да ёшлар билан мулоқот қилинди
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов агентлик тизимида фаолият юритаётган ёш архивчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Давлатимиз раҳбарининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда давлат органлари фаолиятида ёш мутахассисларнинг ролини кучайтиришга қаратилган топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Ёшлар кунининг мамлакатимиз ҳаётидаги аҳамияти, ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳамда уларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар мамлакатимиз тараққиётининг муҳим таянчи ҳисобланади.
Очиқ мулоқот давомида агентлик раҳбари архив соҳаси ривожининг устувор йўналишлари, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳужжатларни рақамлаштириш, электрон архивларни шакллантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда архив хизматлари сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, У.Юсупов ўз нутқида бугунги кунда ёшларнинг архив соҳаси ривожидаги ўрни тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
– Архив соҳасидаги ёшлар тизимни рақамлаштириш ва модернизация қилишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир, – деди У.Юсупов. – Бугунги кунда архив иши анъанавий қоғоз ҳужжатлар билан ишлашдан тўлиқ рақамли (ИТ) тизимга ўтмоқда. Бу эса соҳада замонавий фикрлайдиган ёш кадрларга бўлган талабни кескин оширди.
Шунингдек, учрашувда ёш архивчилар томонидан касбий фаолият, хизмат шароитлари, рақамлаштириш жараёнлари, малака ошириш ҳамда соҳани янада ривожлантиришга оид қатор саволлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Очиқ мулоқот давомида ўзаро фикр алмашилиб, ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Тадбир якунида агентлик директори ёш архивчиларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини юқори баҳолаб, уларни келгусида ҳам ўз устида мунтазам ишлашга, касбий билим ва кўникмаларини ошириб боришга ҳамда архив соҳаси тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чорлади.
Учрашув сўнгида Ёшлар куни муносабати билан фаол ёш архивчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА