Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ёшлар ойлиги доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят Кенгаши томонидан Тошкент туманида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган куч тузилмаларининг 5 та жамоаси 4 та шарт асосида ўзаро беллашди. Жараённи 300 нафарга яқин томошабин кузатди. Тошкент тумани 9-сонли жасорат мактаби ўқувчилари саҳна чиқишлари билан иштирок этди. Кўрик-танловнинг асосий мақсади ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, зукколиги, топқирлиги ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Якунда ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, ғолиб ва совриндор жамоалар тақдирланиб, уларга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кубоги ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
***

“Навоий” чегара божхона пости орқали мамлакатимиз ҳудудига пиёда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган 1 дона “KRAL ARMS” русумли милтиқ ва 44 дона “SPOTXON” русумли ўқлар борлиги аниқланди.
Яна бир ҳолатда эса йўловчининг қўл юклари божхонада кўздан кечирилганда оғзаки сўровда айтилмаган ва божхона декларациясида кўрсатилмаган 1 дона “RETAY G19C” русумли тўппонча ҳамда 30 дона “Kaiser” русумли патрон борлиги маълум бўлди. Ҳозир ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Зангиота туманида жойлашган Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетида битирувчиларга дастлабки офицерлик ҳарбий унвонларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Миллий гвардия қўмондони, генерал-полковник Б.Тошматов иштирок этиб, битирувчиларни дастлабки офицерлик ҳарбий унвони билан табриклади ҳамда уларга келгусидаги хизмат фаолиятида муваффақиятлар тилади. Шунингдек, маросимда қатнашган фахрий меҳмонлар ҳам ёш офицерларни муборакбод этиб, уларнинг Ватанга садоқат билан хизмат қилишига ишонч билдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Битирувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари уларни офицерлик унвони билан қутлашди.
А.Мусаев, ЎзА