Озарбайжонлик журналистлар Самарқандда
Озарбайжоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат делегация Самарқандда меҳмон бўлди.
Меҳмонларни Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокимлиги масъуллари кутиб олди.
Озарбайжонлик журналистлар дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари билан танишди. Меҳмонларга буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий мероси, унинг ислом оламидаги беқиёс ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Самарқандга биринчи марта келишим. Бу тарихий ва бетакрор шаҳар мени ҳайратга солди, – дейди Озарбайжоннинг “Real TV” телеканали мухбири Намида Каримова. – Айниқса, шаҳарнинг қадимий обидалари, муҳташам масжид ва мадрасалари бизда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон жуда бой тарихий, маданий ёдгорликларга эга, туристик имкониятлари жуда юқори мамлакат эканлигига амин бўлдик.
Ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар Самарқанд халқаро туризм маркази, “Боқий шаҳар” мажмуаси, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, UNWTO халқаро туризм академияси, Регистон майдони ҳамда бошқа диққатга сазовор масканларда ҳам бўлди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири