Малайзиянинг гастрономик туризм тажрибаси ўрганилмоқда
“DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмаси томонидан ўтказилган танлов ғолиблари Малайзиянинг гастрономик туризм тажрибасини ўрганмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида молиялаштирилган ва “DMO Karakalpakstan” (Destination Management Organization of Karakalpakstan) жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилган “QR Gastronomic Quality – 2026” фестивали доирасида Қорақалпоғистонда илк бор ресторан ва кафеларда хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш бўйича амалий танлов ўтказилган эди.
Ушбу танловда ғолиб бўлган учта ресторан вакиллари аҳолига, шу жумладан, сайёҳларга хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш ишини ташкил этиш, меҳмонлар билан ишлаш кўникмалари билан яқиндан танишмоқда.

Ташриф давомида танлов ғолиблари Michelin юлдузлари билан тақдирланган Куала-Лумпурнинг етакчи ресторанлари ва гастрономик маконларига ташриф буюриб, умумий овқатланишнинг замонавий шаклларини ўрганмоқда. Малайзиянинг замонавий ва халқаро таомлар билан танишиш, турли ресторан концепциялари ва маҳаллий маҳсулотлар билан ишлашни ўрганиш, маҳорат дарсларида иштирок этиш, ушбу мамлакатнинг ресторан саноати вакиллари билан касбий тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишди.
Жумладан, 2023 йилдан бери ўз Michelin юлдузини сақлаб келаётган 1 юлдузли Beta KL ресторанига ташриф алоҳида қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар ресторан раҳбарияти ва бош ошпази вакиллари билан учрашиб, ошхонани ривожлантириш, хизмат кўрсатишни ташкил этиш ва Michelin стандартларига мос келадиган юқори сифат даражасини сақлаш бўйича ёндашувлар билан танишдилар.
Иштирокчилар миллий таомлар ва маданиятнинг сайёҳлик маҳсулотининг бир қисмига айланишини ва меҳмонлар учун ноёб тажрибани шакллантиришга қандай ёрдам беришини ўрганмоқда. Олинган билим ва амалий тажриба ҳудуднинг маҳаллий анъаналари ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистоннинг ресторан соҳасида янги ғоялар ва ечимлар учун асос бўлиши мумкин.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири