Озарбайжонда ўзбек таомлари ҳафталиги
Ўзбек маданияти, миллий урф-одатлари, анъаналари, миллий либос ва таомларининг ўзига хослиги дунё халқларининг эътиборини ўзига тортиб, қизиқишларини ошириши сир эмас.
Айниқса, ўзбек миллий таомлари нафақат миллатимизнинг, балки кўплаб дунё халқларининг ҳам севимли таомларидан бўлиб, уларнинг рецепти, тайёрланишига қизиқувчилар талай. Хориж давлатларида ўзбек тамаддихоналари сони ортиб бораётгани, машҳурликка эришаётгани фикримиз исботидир.
Мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчихонасида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан «Facebook» ижтимоий тармоғида ўтказилган Ўзбек таомлари ҳафталигининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Онлайн-танловда 60 дан ортиқ киши иштирок этди. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонинг бой тарихи, маданияти, анъаналари, ўзбек халқи ҳаёти ва урф-одатлари, миллий тамомларимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги 600 га яқин материал эълон қилинди. Хусусан, сомса, тўй оши, чалоп, лағмон, шўрва, ҳолвайтар, манти, гул-хоним ва бошқа миллий таомлар ҳақида кўплаб изоҳ ва фотосуратлар жойлаштирилди.
Танлов натижаларига кўра, 25 нафар фаол иштирокчи сараланиб, тадбирга таклиф этилди. Якунда ўзи тайёрлаган ранг-баранг ўзбек таомлари ҳақидаги кўплаб фото ва видеороликларни эълон қилган ўзбек ошхонасининг уч нафар мухлисидан иборат гуруҳ ғолибликни қўлга киритди. Ғолибларни тақдирлаш маросими доирасида ҳафталик иштирокчилари томонидан тайёрланган таомларни ўз ичига олган кўргазма ташкил этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг қадимий, ўзига хос ва бой маданияти, сайёҳлик салоҳияти ва ноёб дурдоналари кўргазмаси ўтказилди. Кўргазмада «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо ўзбек ҳунармандлари томонидан тайёрланган кулолчилик буюмлари, каштачилик ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилди.
Ўзбек ошхонасининг мухлислари ўртасида яхши анъанага айланган ушбу пазандалик танлови, унинг доирасида эълон қилинган ажойиб нашрлар сони ўзбек маданияти Озарбайжон жамиятида кенг оммалашганини яна бир бор тасдиқлади. Таъкидлаш жоизки, миллий анъаналар, диний-маърифий қадриятлар, тил ва маданият муштараклигига асосланган ўзбек ва озар халқлари ўртасидаги кўп асрлик қардошлик алоқалари бу каби тадбирлар асосида янада мустаҳкамланиб боради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА