Озарбайжон Республикаси Президенти аждодларимиз хотирасига ҳурмат кўрсатди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Олий мартабали меҳмон рафиқаси билан 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Янги Ўзбекистон боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Мустақиллик монументида мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихи, озодлик ва бунёдкорлик руҳи, илм-маърифат ва тараққиёт йўлида хизмат қилган буюк аждодларимиз сиймоси акс этган.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўяр экан, Ватан озодлиги, эл фаровонлигининг ёрқин ифодаси сифатида мағрур қад ростлаган мажмуа қошида рамзий бош эгди.



Олий мартабали меҳмон юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий мероси, жаҳон тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этиб, эҳтиром кўрсатди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Отабек МИРСОАТОВ(сурат),
ЎзА