Озарбайжон Бош вазири Рақамли ҳамкорлик ташкилоти бош котиби билан учрашди
Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов Рақамли ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Дима Ал-Яҳё билан учрашди.
Мулоқотда қардош давлатнинг мазкур нуфузли тузилмага аъзолиги мамлакат рақамли трансформация кун тартибини амалга ошириш, тегишли соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамияти қайд этилди. Ушбу соҳа давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида бу борада изчил ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси сифатида рақамли инфратузилмани ривожлантириш, давлат хизматини рақамлаштириш, сунъий интеллект, кибер хавфсизлик ва инновация экотизимини мустаҳкамлаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда Озарбайжон ва Рақамли ҳамкорлик ташкилоти ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди. Турли йўналишларда тажриба алмашиш ва қўшма ташаббуслар илгари суриш муҳимлиги маъқулланди.
А.Маматов, ЎзА