Исроилда ҳокимият учун кураш давом этади (+видео)
Исроилдаги парламент сайловидан кейин бирор сиёсий куч ҳукумат тузиш учун етарли овоз тўплай олмади. Варақаларнинг 99 фоиздан кўпи саналгандан кейинги дастлабки натижага кўра, амалдаги Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги гуруҳ 53, унинг асосий рақиби Гади Айзенкот атрофидаги мухолифат 48 мандатга эга бўлиши кутиляпти. Бинобарин, 120 ўринли парламентда ҳукумат тузиш учун камида 61 овоз талаб этилади.
ВВС ёзишича, мамлакатда янги бошқарув таркибини шакллантириш масаласи мураккаблашган. Жараёнда муҳим ўрин эгаллаб турган араб партиялари парламентда 19 ўринни қўлга киритиши эҳтимоли бор. Табиийки, аксар яҳудий партиялари улар билан ҳамкорликка қарши. Шу боис мухолифатнинг араблар ёрдамида кўпчиликни шакллантириш имконияти чекланган.
Ҳукумат тузишнинг бир неча йўли муҳокама қилинмоқда. Биринчи – Нетаньяху ва Айзенкот ўртасида миллий бирлик ҳукуматини шакллантириш. Сайлов кампанияси давомида Нетаньяхуни ҳокимиятдан тушириш Айзенкотнинг асосий мақсадига айлангани бундай келишувга эришишни қийинлаштиради.
Иккинчи – араб партияларининг Айзенкот бошчилигидаги жамоага қўшилиши. Шу тариқа мухолифат парламентда кўпчиликни йиғиши мумкин. Айрим араб партиялари ҳукумат таркибига кириш, бошқалари эса ташқаридан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. Бундай шерикликка яҳудий партиялари қаршилиги ва Фаластин ҳудуди ҳамда хавфсизлик масаласидаги номутаносиблик тўсқинлик қилади.
Учинчи фараз – Нетаньяху мухолифат сафидаги ўнг қанот сиёсатчиларини ўз томонига оғдириши. Қизиғи, улар сайлов давомида Нетаньяху ҳокимиятдан кетиши тарафдори эканликларини билдирган.
Агар бу тахминларнинг ҳеч бири амалга ошмаса, мамлакатда яна муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилади. Бундай ҳолатда Бош вазир янги сайловга қадар вазифасини бажаришда давом этади. Айрим таҳлилчилар такрорий сайловда араблар фаоллиги сусайиши, ўнг қанот тарафдорлари эса янада фаоллашишини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, Исроил парламенти 2019-2022 йиллари сиёсий кучлар ўртасидаги низо сабаб беш марта сайлов ўтказган.
Ҳозир ҳам ўзаро келишувга эришиш имконияти ноаниқлигича қолмоқда. Асосий муаммо шундаки, Нетаньяху ҳам, унинг рақиблари ҳам мустақил равишда ҳукумат тузиш учун етарли овозга эга эмас. Энди вазият қайси партиялар ўзаро муросага келишига боғлиқ.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА