Озарбайжон билан алоқалар кенгайиб бормоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари кенгайиб, икки давлат раҳбарининг ташаббуси билан қатор келишувларга эришилмоқда. Олий даражадаги келишувларнинг самарали ижросини таъминлаш ҳамда қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишда парламентларнинг роли алоҳида ўрин тутади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер Нуриддин Исмоиловнинг Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рашад Маммадов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида урғуланди. Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Озарбайжонга амалий ташрифи ҳамда Президент Илҳом Алиевнинг август ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги мазмун билан бойитди.
Ўз навбатида, Р.Маммадов давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли икки мамлакат муносабатлари барча соҳаларда изчил тараққий этиб, янги амалий мазмун билан бойиб бораётганини алоҳида эътироф этди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга қаратилган муҳим қадам бўлганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Р.Маммадов сўнгги йилларда парламентлараро алоқалар фаоллашиб бораётгани, парламентлар ўртасидаги мунтазам мулоқот, тажриба алмашинуви ва қўшма ташаббуслар икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди.
Учрашувда парламентлараро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
М.Комилова, ЎзА