"Ўз юртимнинг ҳақиқий фуқароси бўлдим"
Президентимизнинг жорий йил 11 сентябрдаги фармонига мувофиқ, бир гуруҳ фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
Фарғона вилоятидан ҳам 27 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилингани улар ва оила-аъзолари учун муҳим ва тарихий кунга айланди.
Вилоят ҳокимлигида фуқаролик паспортларини эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон фуқароси бўлган тадбир иштирокчиларини қувончли ва унутилмас кун билан самимий қутлади.

Қанчадан-қанча инсонлар йиллар давомида шу заминда яшаб келган бўлса-да, паспортсиз турли қийинчилик ва сарсонликларга дуч келгани, Президентимизнинг одилона ислоҳотлари туфайли минглаб инсонлар ватанли, тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлгани қайд этилди. Уларнинг юзидаги шодлик, кўзларидаги нур – бу ислоҳотларнинг ҳаётий самараси эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда фуқароликка қабул қилинган шахсларга фуқаролик паспортлари (идентификация ID-карта) тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган ҳамюртларимиз бундай юксак эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик билдирди.


Маълумот учун, 2016 йил декабрь ойидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 115 та фармонига асосан жами 25 минг 121 нафар шундан, Фарғона вилояти бўйича 3 минг 459 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
М.Сулаймонов, ЎзА