“Ўз касбининг устаси” мусобақаларига старт берилди
Фориш тоғ-дала ўқув майдонида Қуролли Кучлар миқёсида ўз касбининг устаси бўлган ҳарбий хизматчиларни аниқлашга қаратилган ҳарбий паҳлавонлар мусобақасига старт берилди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга хабар берди.

Бир неча йиллардан буён анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу мусобақа ҳарбий хизматчиларнинг назарий ва амалий кўникмаларини ошириш ва улар ичидан энг илғорларни аниқлаши билан аҳамиятлидир.

Мусобақалар давомида “Энг илғор ҳарбий қисм командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири” ва “Энг илғор сержант” номинациялари ғолиблари аниқланади.

Иштирокчилар олис ва яқин масофаларга вақт кесимида югуриш, турникда тортилиш, тактик ва отиш тайёргарлиги, техник тайёргарлик, ягона тўсиқлар йўлагидан ўтиш каби қатор машқларда ўзаро беллашадилар.