“Ойдин нур” ойдин ҳаётга қайтаради
“Ойдин нур” оилаларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази ўз фаолиятини 1999 йилда бошлаган. Дастлаб ташаббускор гуруҳ фаоллари вилоят олий таълим муассасалари ўқитувчиларидан ташкил топган эди.
Нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтган ташкилотнинг асосий мақсади оилада соғлом муҳитни шакллантириш, аёлларнинг бу борадаги психологик ва ҳуқуқий билимларини ошириш, ижтимоий муаммоларни асоратсиз ечишга кўмаклашиш орқали баркамол оилавий муносабатларни татбиқ этишга қаратилган.
Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари гендер тенглик масалаларини илгари суриш, ишонч телефонини ташкил қилиш, психологик маслаҳат кўрсатиш, юридик маслаҳат кўрсатиш, судда оиладаги зўравонлик қурбони бўлган аёлларнинг вакили бўлиш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериш, вақтинчалик яшаш жойи – бошпана билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилган.
– Марказимиз оғир ижтимоий аҳволда қолган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий, маиший тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин - қизлар, одам савдоси қурбони, жабр кўрган меҳнат муҳожирлари, илгари судланган, якка- ёлғиз аёллар, вояга етмаган етим ўғил-қизларга бепул хизмат қилади, –дейди “Ойдин нур” оилани ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази раҳбари Шаҳноза Ихтиёрова. –Ишонч телефони хизмати марказ фаолиятини бошлаганидан буён ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар 18 минг 818 та қўнғироқ қабул қилинди. Инқироз ҳолатига тушган аёлларга психологик мадад хизмати 2000 йилдан буён кўрсатилади ва бугунги кунга қадар 3 минг 349 дан ортиқ маслаҳатлар берилди.
Психолог биринчи навбатда марказга мурожаат қилган аёлни стресс ҳолатидан чиқариш мақсадида ҳар бири билан алоҳида иш олиб боради. Ўзини ўзи тўғри баҳолай билиш, оилада учрайдиган муаммолар, уларнинг оқибатлари, оилада аёл камситилишининг олдини олиш борасида билимлар беради. Марказ бошпанасида яшаётган аёллар билан индивидуал психологик ташхис, психокоррекция, психотерапия ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, аёллар учун “Хавотирликлар жамланмаси”, “Инқирозли вазиятга тушган одамларга психологик ёрдам”, “Ҳаётни яхшилаш”, “Репродуктив саломатлик”, “Одам савдосидан огоҳ бўлинг!” мавзуларида психологик тренинглар ўтказади.
Марказ томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар хизмати 2004 йилдан буён кўрсатилади. Бугунги кунга қадар 12 минг 681 та маслаҳат берилди. Юрист аёлларга зарур бўлган ҳуқуқий маслаҳатлар беради, судгача бўлган вақт мобайнида алимент ундириш, уйга киритиш, оталикни белгилаш, ажралиш, мол-мулкни тақсимлаш ва ҳоказо бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришда ва уларни судга тақдим этишга кўмаклашади. Судда оилавий низолардан жабрланган аёллар манфаатини ҳимоя қилади. Адвокат ёллаш орқали 2009 йилдан буён 251та аёл манфаатлари судда ҳимояланди. Турли хил ҳужжатларни расмийлаштириш учун 85 та аёлга давлат божи тўланди. 7 та оталикни белгилаш тиббий экспертизаси учун тўлов ўтказилди.
Зўравонлик қурбони тушкунлик, қўрқув ва умидсизлик ҳолатида бўлганлиги сабабли суд залида ўзини ҳимоя қилолмайди. Шу учун адвокатнинг аёл ҳуқуқларини ҳимоялаб, уни қўллаб-қувватлаши, унга куч ва ишонч беради. Фаолияти давомида марказ адвокатлари иштирок этган суд жараёнларининг 90 фоизи аёллар фойдасига ҳал қилинган.
[gallery-15057]
Ижтимоий муаммоларни ечишга йўл-йўриқ кўрсатиш хизмати 2007 йилдан буён йўлга қўйилган. Ижтимоий ходим аёлларга оиладаги низоларни бартараф этишда, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда маслаҳатлар бериб, кўмаклашади. Уларнинг соғлигини тиклашда, маҳалла фуқаролар йиғинидан керакли моддий ёрдам, болалар нафақасини расмийлаштиришда, бандлигини таъминлашда, йўқотилган ҳужжатларни тиклашда, фарзандларини мактабгача таълим ва ўрта умумтаълим мактабига жойлаштиришда кўмаклашади.
Касб-ҳунарга ўргатиш ва даромад келтирувчи кичик бизнесини йўлга қуйишга кўмаклашиш хизмати 2010 йилдан буён йўлга қўйилган. Бугунги кунга қадар 250 та ижтимоий ҳимояга муҳтож ва тазйиқ ва зўравонликка учраган аёл турли хил ўқув курсларида ўқитилган ва шулардан 113 нафари даромад келтирувчи кичик бизнесини йўлга қўйиши учун керакли асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланган.
Вақтинчалик бошпана билан таъминлаш хизмати 2007 йилдан буён йўлга қўйилган. Жуда оғир оилавий шароити туфайли, тазйиқ ва зўравонликка учраганлиги туфайли уй-жойсиз қолган 1286 нафардан ортиқ аёл ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари марказ бошпанасида яшаб, муаммоларини ечиш орқали нормал ҳаётга қайтарилди.
Марказ маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотлар кўмагида ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Франциянинг техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED), АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кичик лойиҳалар дастури, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастурлари, Германиянинг “FRIDRIX EBERT” номли жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Хельсенки инсон ҳуқуқи жамғармаси, Европадаги хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (OSCE), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), IOM нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Винрок халқаро институти нотижорат ташкилотининг филиали шулар жумласидандир.
– Бугун “Ойдин нур” оилаларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш маркази учун яна бир қувончли кун бўлди, – дейди маркази раҳбари Шаҳноза Ихтиёрова. – Беш йил давомида марказ ҳудудидаги 100 кв.м майдонда қурилаётган бино фойдаланишга топширилди. Бу бинонинг аҳамиятга молик жойи шундаки биринчи қаватида вақтинча яшаётган аёлларга касб-ҳунар ўргатилади ҳамда иш билан таъминланади. Зеро, кўп вазиятларда айнан иқтисодий жиҳатдан қарам бўлганлиги сабабли хотин-қизлар йиллар давомида шу зўравонлик ва тазйиқ остида яшаб келади. Фарзандларини ҳам шу муҳитда тарбиялайди.
Янги бинонинг очилиш маросимида БМТ аҳолишунослик жамғармасининг (UNFP) Ўзбекистондаги раҳбари бошчилигидаги вакиллар ҳам қатнашди. Бу халқаро ташкилот кўп йиллардан буён марказни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Бутун дунёни “Covid” вируси қоплаган даврда айнан шу жамғарма бошпанадаги аёлларга озиқ-овқат, гигиена воситалари ва дори-дармонлар учун молиявий кўмак кўрсатган. Бундан ташқари, UNFP жамғармаси томонидан 4 та компьютер жамланмаси совға қилинган. 2022 йил май ойида жамғарма ташаббуси билан марказга Украинадан халқаро эксперт келган. У марказ фаолиятини ўрганиб, халқаро стандартлар асосида ишлаш учун зарур тавсиялар берган.
Бинонинг қурилишида “Она” жамоат фонди, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳомийлар ўз ҳиссасини қўшган. Бино икки қаватдан иборат бўлиб, бу ерда зўравонликка учраган хотин-қизлар томонидан касб-ҳунар сирлари ўргатилади. Шунингдек, аёллар учун дам олиш хонаси ҳамда гигиена хоналари замонавий тарзда қурилган.
Бинонинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати аъзолари, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.