Ойбекнинг қаламини хасталик ҳам синдира олмаган
Ватанимиз тарихидаги 16 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон тараққийпарвар зиёлиларининг ижтимоий-сиёсий ташкилоти “Шўрои Исломия”нинг ташаббуси билан чақирилган Бутунтуркистон мусулмонларининг биринчи қурултойи иш бошлади. У 23 апрелга қадар давом этди. Тарихда илк марта Бутунтуркистон миқёсида мусулмонлар қурултойи чақирилиб, унда туб халқларнинг мухторият томон қатъий интилиши, ўз анъаналари, урф-одатлари ва турмуш тарзини изчил ҳимоя қилиши айтилди.
Қурултой якунида Туркистон мусулмонларининг Миллий Маркази – Туркистон ўлка мусулмонлар кенгаши (Краймуссовет) ташкил қилинди. Мустафо Чўқай унга раис, Мунавварқори Абдурашидхонов ва Аҳмад Заки Валидий котиблар бўлишди. Қурултойда қабул қилинган ташкилот дастурида ўлка мусулмонлари орасида ислоҳотлар ўтказиш ғояларини тарқатиш, минтақадаги барча мусулмонлами ягона маслак ва фикр асосида бирлаштириб, Туркистонга мухторият мақомини бериш учун кураш вазифаси қўйилди.
1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Самарқанд жадидлари томонидан “Ҳуррият” газетаси нашр қилина бошланди. Газета адабий, иқтисодий-сиёсий йўналишда бўлиб, ҳафтада 2 марта чиқиб турган. “Ҳуррият”га Акобир Шомансуров, Мардонқул Шомуҳаммедов, Абдурауф Фитрат, Ҳожи Муин, Шукрулло муҳаррирлик қилишган. Газета миллий ишлар комиссарлиги томонидан 1918 йил апрелда тўхтатилиб, унинг ўрнига “Меҳнаткашлар ўқи” номли большевиклар мафкурасига мос янги газета нашр қилина бошлаган.
1921 йил (бундан 100 йил олдин) – шарқшунос-эроншунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Шоислом Шомуҳамедов таваллуд топди. У олим, шоир ва таржимон сифатида мумтоз ва ҳозирги замон эрон адабиёти бўйича тадқиқотлар, ўқув қўлланмалари, форс-тожик адабиёти классиклари асарларидан таржималар ва унинг ўз қаламига мансуб шеърлар, ҳикоялар тўпламларидан иборат 90 га яқин китоб яратди. Шоислом Шомуҳамедов 1973 йилда Фирдавсий номидаги халқаро мукофот лауреати бўлган, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1941 йил (бундан 80 йил олдин) – кимёгар олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Сойибжон Неъматов таваллуд топди. Унинг раҳбарлигида полимер материаллар ва саноат чиқиндилари асосида самарали антифрикцион, ейилишга ва емиришга бардошли, тебранишга чидамли композицион материаллар олиниб, машинасозлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўлланган. Сойибжон Неъматов 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1946 йил (бундан 75 йил олдин) – эстрада хонандаси, бастакор, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон халқ артисти Фаррух Зокиров таваллуд топди. У майин ва ширали овоз соҳиби бўлиб, ўзбек миллий ва замонавий эстрада анъаналарига таянади. Фаррух Зокиров “Ялла” ансамбли билан жаҳоннинг деярли барча минтақаларида ўзбек эстрада санъатини тарғиб этган. У 1996 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
1951 йил (бундан 70 йил олдин) – шоир, ёзувчи, адабиётшунос олим ва жамоат арбоби Муса Тошмуҳаммад ўғли Ойбек инсульт хасталигига йўлиқиб, тили ва ўнг қўлидан ҳаёт асари кетди. Сталинча қатағоннинг навбатдаги тўлқинида Ойбек бошига маломат тошлари ёғилган эди. Унинг кундан-кунга ортиб бораётган шуҳрати туфайли кимлардир роҳат ва фароғатларини йўқотган эдилар. Улар НКВДнинг Ойбек атрофига қўйган тузоқларини интиқлик билан кузатибгина қолмай, унинг шу тузоққа илиниши учун астойдил ҳаракат қилдилар. Натижада Ойбек юқорида қайд этилган дардга йўлиқди.
Академик Наим Каримовнинг қайд этишича, Тошкент, Москва ва Пекиндаги бир неча йиллик даволанишдан сўнг Ойбек яна ижодий ҳаётга қайтади. У ўз қўли билан ёза олмагани сабабли кўнглида туғилган катта-кичик асарларни вафодор хотини Зарифахонимга қийинчилик билан бўлса-да, айтиб турди. У шундай йўл билан 1968 йили вафот этгунига қадар “Олтин водийдан шабадалар” романини қайта ишлади, чала қолган “Қуёш қораймас” романини тугатди, “Улуғ йўл” романи, “Нур қидириб”, “Болалик хотираларим”, “Бола Алишер” қиссалари, “Даврим жароҳати”, “Гули ва Навоий” достонлари, талайгина шеър ва мақолаларни ёзди.
1952 йил (бундан 69 йил олдин) – Сирдарё вилоятидаги Гулистон, Сурхондарё вилоятидаги Ангор, Фарғона вилоятидаги Ёзёвон туманлари ташкил этилди.
2002 йил (бундан 19 йил олдин) – Тошкент давлат консерваторияси Ўзбекистон давлат консерваториясига айлантирилди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади