Овул аҳолисига 196 дона газ балони етказиб берилди
Навоий вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Томди тумани "Шиели" овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказилди.
"Шиели" овули туман марказидан 150 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош. ҳудудда 996 нафар фуқаро истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми чорвачилик билан шуғулланади.
2018 йилда "Утемурат" ва "Аққабақ" аҳоли пунктларидан ташкил топган "Шиели" овул фуқаролар йиғинида "Обод қишлоқ" Давлат дастури доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, қишлоқ врачлик пункти, мактаб ва болалар боғчаси қад ростлаган.
Сайёр қабулда фуқаролар тоза ичимлик суви, газ балонлари таъминоти, мобиль алоқа тизимидаги муаммолар, ишга жойлашиш, олис ҳудуддагилар учун олий таълимдаги имтиёзлар, кредит олиш, давлат мулкини хусусийлаштириш каби масалаларда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Жамила Ходжаева “Шиели” овулининг қишлоқ врачлик пункти мудираси лавозимида ишлайди. ҚВПнинг янги биноси қурилгач, айни пайтда эски бинодан фойдаланилмаяпти. Фуқаро бинони хусусийлаштириб, аҳоли турар жойига айлантириш борасида ўз таклифларини билдирди. Унга давлат мулкини хусусийлаштириш тартиби тушунтирилди.
– “Шиели” овулидаги 8-умумтаълим мактабида тарих ва ҳуқуқ фанларидан дарс бериб келаётганимга 3 йил бўлди, – дейди Нодир Ҳамроев. – Президентимизнинг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманларида аҳолини турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бир қатор имтиёзлар, жумладан, хизмат уйи билан таъминлаш ёки уй-жойларни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ойлик пул компенсацияси тўлаб берилиши назарда тутилган. Шу имтиёздан фойдаланишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. мурожаатим иш юритувига қабул қилинди.
Сайёр қабул сўнгида тизим ходимлари мактаб фоалияти билан танишди. Мактаб кутубхонаси ва таълим даргоҳи ўқувчилари учун адлия бошқармаси ва туман бўлими томонидан китоблар жамланмаси тақдим этилди.
Дарвоқе, сайёр қабулдан бир кун ўтиб овул аҳолисига 196 дона газ балони етказилди.