Овоз бериш жараёнларида ёшлар фаол
Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 576-референдум участкасида кўпроқ ёшлар иштирок этмоқда.

– Участкамизда референдумда иштирок этиш учун уч минг киши рўйхатга олинган, – дейди мазкур участка раиси Жамолиддин Холтоев. – Уларнинг асосий қисмини эса ёшлар ташкил этади. Чунки маҳалламиз ҳудудида олий таълим муассасалари мавжуд. Шу ўринда ўзим ўқитувчи сифатида янгиланаётган Конституцияда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган меъёрлар киритилгани жуда хайрли иш бўлди, деб ҳисоблайман.
Ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда.

Умуман, Конституцияда ёшлар масалалари бўйича алоҳида боб киритилган бўлиб, унга кўра, давлат ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантиришни кафолатлайди.
Ёшларда қадриятларимизга содиқлик, ватанпарварлик туйғуларининг шаклланишига ғамхўрлик қилишини белгилаш баробарида ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти бўлади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (фото), ЎзА