Овчилик соҳасида давлат назорати кучайтирилди
Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш, уларнинг ноёб турларини сақлаш ва кўпайтириш долзарб масала ҳисобланади. Бироқ, ов ресурсларидан фойдаланишда ягона ва шаффоф ҳисоб-китоб тизими тўлиқ шаклланмагани айрим ҳудудларда ноқонуний ов қилиш билан боғлиқ ҳолатлар учрашига сабаб бўлган.
2026 йил 10 сентябрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан бу каби ҳолатларга чек қўйилмоқда.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев мазкур қонун билан жорий этилаётган янги нормалар ҳақида сўзлаб берди:

– Айтиб ўтиш керакки, 2025 йилда 18 ов хўжалигининг 433 минг гектар ов қилиш жойларини бериш бўйича тузилган шартномаларнинг амал қилиш муддати тугаган бўлсада, ноқонуний равишда овчилик билан шуғулланиш, ов қилишга ноқонуний рухсатномаларни сотиш ҳолатлари учраган.
Ов йўлланмалари белгиланмаган ҳудудларга берилгани ҳолати ҳам учраб турибди. 2025 йил давомида ўтказилган назорат тадбирларида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 1 минг 97 ҳолатда 1 минг 68 нафар шахсга нисбатан чоралар кўрилиб, уларга 4,2 миллиард сўм жарима қўлланилган.
Шу нуқтаи назардан, ов қилишни тартибга солиш ва ов хўжаликларини ривожлантириш нафақат иқтисодий, балки экологик хавфсизлик масаласидир.
Янги қонун Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 июлдаги “Республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.
Қонун билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, “Қурол тўғрисида”ги қонунга овчилик гувоҳномаси бериш ваколатини овчилар жамоат бирлашмаларидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига ўтказишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди. “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунга ҳам қатор қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда ов қилиш қоидалари ва ов қилиш жойларида ов қилиш тартиби Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади.
Овчилик гувоҳномаси махсус ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2 йил муддатга берилади.
Овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси) овчиларга: махсус электрон дастур орқали овчилик хўжаликларига бириктирилган ов қилиш жойларида – овчилик хўжаликларининг эгалари бўлган юридик шахслар томонидан, эркин ов қилиш жойларида – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан берилади.
Овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида инвестициявий ҳамда шартномавий мажбуриятлар белгиланган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга уч босқичда ажратилади.
Биринчи босқичда - 10 йил муддатга, инвестициявий ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра иккинчи босқичда - 10 йил муддатга, учинчи босқичда - 29 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
Бунда, 2 йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил этилмаса, ижара шартномаси бекор қилиниши мумкин.
Қонун ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш ва такомиллаштириш, соҳага илғор технологияларни татбиқ қилиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни кўпайтириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантириш орқали маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш учун имкониятлар яратади.
Овчилик соҳасида ягона ва шаффоф ҳуқуқий механизм яратилади ва соҳада давлат назорати кучайтирилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА