Ўттиз йилнинг ҳайрат ва шукронаси
Жаннатмакон юртимиз Ўзбекистон суверен, мустақил давлат сифатида дунё харитасидан жой олганига 30 йил тўлди. Бу сана жонажон Ватанимизда яшаётган ҳар бир инсон учун тарихий кун, унутилмас байрам.
Ўтган ўттиз йилнинг ҳар бири куни, ҳар бир лаҳзаси озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт пойдеворини қуриш ва уни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шунинг учун ҳам бугун халқимиз ушбу байрамни шукроналик, эртанги кунга юксак орзу-умидлар билан кенг нишонламоқда.
Самарқанд вилоятининг асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида нишонланди.
Бу масканга вилоят фаоллари, турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимиз, нуронийлар ва ёшлар, шаҳар жамоатчилиги вакиллари таклиф этилди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов тантана иштирокчилари ва уларнинг тимсолида барча самарқандликларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йилиги билан табриклади.
– Ўттиз йиллик шонли, шарафли йўлимиз билан чин дилдан фахрлансак арзийди. Биз эл бўлиб бирлашдик, катта карвонга айландик – деди Э.Турдимов. – Дунё биз билан ҳисоблашяпти, дунё бизга ҳавас қилаяпти, дунё бизга интилаяпти. Чунки, биз жаҳон андозаси асосида ишлашни, яшашни ўрганаяпмиз. Биз яратишга, ўсишга, янгилик қилишга кўникдик. Шу сабабли, кечаги ютуқларимиздан бугун кўнглимиз тўлмаяпти. Биз ўсиш, улғайиш ҳавосини, тажрибасини, маҳоратини олдик. Халқимиз ҳам бугун юксак манзилларни кўзламоқда. Узоққа бормай, кейинги беш йил таҳлилига эътибор қаратайлик, саноат ишлаб чиқариш 30 фоизга, маҳаллий саноат 41 фоизга, қурилиш ишлари 62 фоизга ва хизматлар кўрсатиш ҳажми 30 фоизга ҳамда асосий капиталга киритилган инвестициялар 2,4 баробарга ошди.
Мактабгача таълим ёшидаги болаларни боғчаларга қамрови 20 фоиздан бугунги кунга келиб 65 фоизга етди. Вилоятимиздаги ихтисослаштирилган мактаблар 16 тадан 60 тага кўпайди. сўнгги уч йилда 44 та янги ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ташкил этилди.
Мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида, бу соҳага “кластер” тизими жорий қилинди. Бугунги кунда вилоятда пахта-тўқимачилик йўналишида 10 та, мева-сабзавотчилик бўйича 13 та ва бошқа йўналишларда 21 та кластер фаолият кўрсатмоқда. Уларга 164,4 минг гектар ер майдони бириктириб берилди. Бу ишлар самарасида ўтган йил аҳоли жон бошига тўғри келган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 8,9 миллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 2,7 миллион сўмга кўпайди. Яъни, 2020 йилда 33,6 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Вилоятимиз иқтисодиётида туризмнинг улуши ҳам ўсиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида 212 гектар майдонда туристик марказ қурилмоқда. Замонавий меҳмонхоналар, анжуман саройи ва бошқа объектларни ўз ичига олган ушбу кўркам маскан 2022 йилда фойдаланишга топширилади.
Зиёрат туризмни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардар самарали фойдаланиш мақсадида Имом Бухорий мажмуасида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда бир вақтнинг ўзида 11 минг 500 нафардан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга 412 та меҳмонхона, хостел, меҳмон уйлари мавжуд.
[gallery-3661]
Пандемия жараёнида ҳам давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли йирик корхоналар фаолияти тўхтамади. Аксинча, янги иш ўринлари яратилди. Кичик бизнес субъектлари сони қарийиб 40 мингга етди ва охирги беш йил ичида 29 мингтага кўпайди. Якка тартибдаги тадбиркорлар сони 33 мингдан ошди. Ўтган давр мобайнида, айниқса кейинги беш йилда 26 414 та хонадондан иборат 478 та кўп қаватли уйлар қурилиб фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 7994 хонадонли 150 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилмоқда.
– Мустақиллик байрами моҳиятига тўхталар эканмиз, давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига жавобларидаги фикрларини қайд этмоқ лозим, – деди вилоят ҳокими ўз табрик сўзида. – Президентимиз мустақиллик моҳияти, бугунги ислоҳотлар мазмунини англашда оқилона таҳлил ва хулосалар берди. Тан олайлик, биз Янги Ўзбекистон қураётг анимизни гоҳида англашга ҳам улгурмай қоляпмиз. Келинг, бир одилона ўйлаб кўринг, ўзгаришлар, янгиланишлар кириб бормаган соҳа қолдими бизда? Кечагина маиший муаммо ва рўзғор тебратишга ёрдам сўраган аҳоли бугун ўз бизнесини йўлга қўйишга, қўшма корхона очишга бел боғлаган. Фарзандларимизнинг уч нафардан бир нафари олий таълим муассасаларига кириш имкониятига эга бўлди. Бу – мустақиллик берган имкониятлар, шиддатли тус олган ислоҳотлар самараси. Ўттиз йилда эришган натижаларимиз. Ўттиз йилни инсон умрига қиёсласак, айни навқирон, куч-қудратга тўлган палла. Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ана шундай навқирон, ўз куч ва имкониятларини намоён этишга тайёр турибди. Бу вазифани шу юртда яшаётган сизу биз, муқаддас Ватанимизнинг кўп миллатли халқи биргаликда амалга оширамиз.
Маросимда самарқандлик ва пойтахтдан келган маданият, санъат намоёндалари, ёш ижрочилар иштирокида байрам дастури намойиш этилди. Байрам муносабати билан Самарқанд шаҳридаги “Садаф” базмгоҳига турли соҳаларда кўп йиллар меҳнат қилган вилоят фаоллари таклиф этилиб, улар учун байрам дастурхони ёзилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА