Отлар ёрдамида одамларни даволаш мумкин
Бугун замонавий тиббиёт билан биргаликда ҳайвонлар ёрдамида ноанъавий усулда дориларсиз даволаш усули ҳам ривожланмоқда.
Хусусан, иппотерапия – отлар ёрдамида даволаш усули ҳаракат-таянч аппаратида муаммоси бўлган ва ақлий-руҳий бузилишлари мавжуд бўлган одамларни даволаш учун қўлланилади. Бундан ташқари, от устида юриш қонда қанд миқдорини туширади, мускуллар тонусини оширади, сколиоз – умуртқа қийшайиши учун фойдали, ошқозон-ичаклар фаолиятини яхшилайди, невроз ва депрессиянинг олдини олади, эрта кексайишнинг олдини олади ҳамда алкоголик ва наркоманларни реабилитация қилади.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, отлар ўзининг илиқлиги ва ҳаракати орқали инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади, уларга миниш эса жисмоний ҳамда руҳий ҳолатни яхшилашга хизмат қилади.
Ижимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Фарғона вилоятидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида беморларда иппотерапия усулида муолажа турлари олиб борилмоқда.

“Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи ва От спорт турларига ихтисослаштирилган чавандозлар мактаби ўртасида имзоланган меморандумга асосан болаларни иппотерапия асосида соғломлаштириш ишлари йўлга қўйилган. Ушбу машғулотлар руҳий касалликларни даволаш, ҳаракатланишдаги чекловларни камайтириш, сезги аъзоларидаги муаммоларни енгиллаштириш, шунингдек, операциялардан кейинги тикланиш жараёнини тезлаштиришда самарали бўлмоқда.
Айни пайтда мустақил ҳаракатлана оладиган 15 нафар бола ушбу машғулотларга мунтазам жалб этилган. Ўтган давр мобайнида эса юришда нуқсони бўлган, эмаклаб ҳаракатланган 4 нафар бола соғломлаштирилиб, уларда қон айланиши ва асаб тизими фаолияти яхшилангани кузатилди. Шунингдек, таянч-ҳаракат тизимидаги айрим муаммолар ва урологик касалликларнинг бартараф этилишига эришилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, иппотерапияга қарши кўрсатмалар ҳам мавжуд бўлиб, гемофилия касаллиги, суякларнинг туғма синувчанлиги, буйрак патологиялари ва аёлларда ҳомиладорлик даврида ман қилинган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА