Отишма қурбонлари – бегуноҳ инсонлар: Швецияда хавфли тенденция кучайди
Швецияда жиноий гуруҳлар ўртасидаги отишмалар кўпайгани айтилмоқда. Мамлакат полицияси маълумотига кўра, сўнгги уч йилда 23 нафар бегуноҳ инсон шундай ҳодиса қурбонига айланган, 30 киши жароҳат олган. Марҳумлар орасида тасодифан ўққа дуч келганлар, адашиб нишонга олинганлар ва жиноий гуруҳ аъзоларининг яқинлари бор.
Швеция миллий полицияси Амалиёт бўлими вакили Александер Валлениус таъкидлашича, бундай салбий ҳолатнинг асосий сабаби жиноят содир этаётганлар жуда ёшлиги билан боғлиқ. Зўравонларнинг кўпчилиги тажрибасиз. Шу жиҳат бегуноҳ одамлар жабрланиши эҳтимолини оширяпти.
Қайд этилишича, жиноий гуруҳлар ижтимоий тармоқ ва яширин иловалар орқали ўсмирларни гуруҳга жалб қилмоқда. Аксари 15 ёшга тўлмаган бу болалар, мамлакат қонунчилигига кўра, жиноий жавобгарликка тортилмайди. Айни чегара вояга етмаганларни ёвуз ниятлилар учун “қулай ижрочи”га айлантирмоқда.
Ҳукумат вазиятни назоратга олиш мақсадида кескин чоралар тайёрламоқда. Жумладан, "TikTok" ва "Snapchat" каби платформалардан жиноятга чорловчи материалларни бир соат ичида ўчириш талаб қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, оғир жиноят учун жавобгарлик ёшини 15 дан 13 га тушириш таклифи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Мусулмон Зиё,
ЎзА