Саудия Арабистони билан миграция соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва Саудия Арабистони Инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Аҳмад Ал-Шарқий билан бўлиб ўтган мулоқотда меҳнат бозорининг янги стратегияси, хорижий ишчи кучини жалб қилишнинг замонавий механизмлари ҳамда меҳнат визаларини малака даражалари бўйича (бошланғич, ўрта, юқори) ажратиш тизими жорий этилгани маълум қилинди.

Таъкидланишича, музокаралар давомида қатор муҳим келишувларга эришилган. Жумладан, келгусида Миграция агентлиги ва Саудия Арабистони Меҳнат вазирлиги ўртасида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиладиган бўлди. Ўзбекистонда тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик соҳаларида халқаро стандартлар асосида кадрлар тайёрланади. Малака имтиҳонлари ташкил этилади. Номзодларни ушбу давлатга ишга жойлаштириш бўйича махсус алоҳида тизим йўлга қўйилади.
Шунингдек, мулоқотда Саудия Арабистонида хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва иш берувчиларни кадрлар билан таъминлашга ихтисослашган “KDOT” рекрутинг ташкилоти ҳамда йирик иш берувчилар билан юқори талабга эга касблар бўйича мақсадли таълим ва касбий тайёргарлик дастурларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Г.Сатторова, ЎзА