Отинойи –диний ва дунёвий илмлар билимдони
Бухорода Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган эзгу ғоя асосида “Миллийлигим акс этган ўзлигим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир вилоят ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Э.Мажидов очди ва отинойиларнинг жамиятда тутган ўрни, мавқеи ва ислоҳотлар жараёнидаги иштироки тубдан ўзгарганлигини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг диний-маърифий савиясини ошириш, бидъат ва хурофотларга барҳам бериш, қалбларга соғлом исломий ақидани сингдиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу жараёнда диний соҳа ходимлари қаторида отинойилар ҳам фаол иштирок этаётгани замон талаби, ҳам бу борадаги улкан натижалар асоси бўлмоқда.
Отинойи – аёл-қизлар мураббийси, диний маросимларга бошчилик қиладиган дин билимдони, шунингдек, дунёвий илмларни ҳам эгаллаган маърифатли аёлдир.

Отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенг. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

Ҳозирги кун отинойисининг вазифалари ва масъулияти олдинги давр отинойисидан тубдан фарқ қилади. Бугун отинойилар давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Хусусан, улар аёллар ва келажак авлод тарбиясига дахлдорлик ҳисси ва масъулияти билан фаолият олиб бормоқда.
Тадбирда миллий қадриятларимизни эъзозлашда отинойиларнинг ўрни қайдаражада эканлигини кўрсатувчи саҳна кўринишлари, шунингдек, Бухоронинг миллий кийимлари ва зардўзлик санъати намуналари намойиш қилинди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири