Ота-оналар хавотирда, мутасаддилар эса жим
Хабарларга кўра, Қашқадарёда номаълум касалликдан нобуд бўлгани айтилган боланинг 6 ёшли қариндоши ҳам вафот этган.
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамовнинг айтишича, интернетда болаларнинг номаълум касалликдан вафот этгани ҳақида хабар нотўғри. Болаларнинг қайси касалликдан вафот этгани шифокорларга маълум. Улар коронавирус билан ҳам, маймун чечаги билан ҳам касалланмаган. Бироқ, қонунчиликка кўра, касаллик ташхиси жамоатчиликка ошкор қилинмаяпти. Буни аксарият блогер ва журналистларимиз тушунишни истамаяпти.
Ижтимоий тармоқларда эса мазкур воқеа юзасидан турли нохуш хабарлар тарқалишда давом этмоқда. Юртдошларимизнинг аксарияти, айниқса, ёш болали ота-оналар фарзандлари саломатлигидан хавотирга тушаётганини билдирмоқда. ССВ матбуот хизмати эса кеча 23 июнь куни соат 23:02да вазирлик томонидан малакали профессор-шифокорлардан иборат маxсус тиббий бригада тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилганини айтиб расмий муносабат билдириш билан чекланиб қолмоқда.
Дарвоқе, вазирлик матбуот хизмати эълон қилган муносабатда бу ҳолат назоратга олингани, ўрганиш натижалари ҳақида батафсил маълумот берилиши айтилган эди.
М.Қосимова, ЎзА