Йўл қурилишига рекорд инвестициялар: 200 километр режа ва сифат устуворлиги
Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилишга йўналтирилаётган хорижий инвестициялар ҳажми ортиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, 2026 йилда 200 километр автомобиль йўлини қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган. Бироқ инвестиция самарадорлигини фақат ўзлаштирилган маблағлар билан эмас, балки аҳоли учун яратилган қулайлик, йўлларнинг сифати ва хавфсизлиги билан ҳам баҳолаш муҳим.
Миллий контент марказида Автомобиль йўллари қўмитаси масъуллари томонидан ташкил этилган брифингда соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилишича, жорий йилда соҳада жами 15 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Уларнинг 13 таси халқаро молия институтлари иштирокида, иккитаси эса давлат-хусусий шериклик асосида бажарилмоқда. Режалаштирилган инвестиция ҳажми 2025 йилга нисбатан 1,5 баробар, 2024 йилга нисбатан эса 1,8 баробар кўп. Бу йўл инфратузилмасини янгилашга эътибор кучайганини кўрсатади.
2026 йил январь–сентябрь ойларида тўққизта лойиҳа доирасида 110 километр автомобиль йўли реконструкция қилинган. Бажарилган ишлар қиймати 214,3 миллион долларни ташкил этиб, белгиланган режа 101 фоизга бажарилган. Бу йиллик 200 километрлик режанинг 55 фоизи бажарилганини англатади. Демак, йил якунига қадар яна 90 километр йўл қурилиши ёки реконструкция қилиниши керак. Мазкур кўрсаткичлар режанинг бажарилишида ижобий суръат борлигини кўрсатсада, йил охиригача қолган ишларни белгиланган муддатларда ва сифат талабларига мувофиқ якунлаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Инвестиция лойиҳалари мамлакатнинг бир қатор ҳудудларини қамраб олган. Хусусан, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, ОПЕК жамғармаси ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида йирик автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида 4Р 105 ва 4Р 100 автомобиль йўлларининг жами 111 километр қисмини реконструкция қилиш, Қорақалпоғистон Республикасида А380 автомобиль йўлининг 25 километр қисмини янгилаш, Қашқадарё вилоятида М39 автомобиль йўлининг 60 километр қисмини реконструкция қилиш, Бухоро вилоятида А380 “Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу” автомобиль йўлининг 78 километр қисмини реконструкция қилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, бошқа лойиҳалар доирасида ички йўлларни цемент-бетон қопламали қилиш, Хоразм вилоятидаги D213 автомобиль йўлини реконструкция қилиш ва маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги йўлларни таъмирлаш ишларига ҳам эътибор қаратилган.
Ҳисобот даврида бир қатор лойиҳалар бўйича тендер савдолари эълон қилинган, тўртта лойиҳа доирасида эса қурилиш ишлари бошланган. Бундан ташқари, йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида 50 дан ортиқ хорижий ҳамкор билан учрашувлар ўтказилган. Туркия, Германия, Япония ва Хитой компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Халқаро молия институтлари маблағлари ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратади. Эндиликда бу имкониятларнинг амалий натижаси — узоқ муддат хизмат қиладиган, ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган ва аҳоли эҳтиёжларига мос йўллар барпо этилишида намоён бўлиши керак.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, давлат раҳбари томонидан соҳа вакилларига Ўзбекистон автомобиль йўлларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА