Ўсмир дзюдочиларимиз Жаҳон чемпионати яккалик мусобақаларида 6 та медалли бўлди
Бугун, 23 август куни Эквадорда дзюдо бўйича 12 та ўсмирлар терма жамоалари иштирокида аралаш жамоавий жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтади.
Унда мамлакатимиз ўсмир дзюдочилари Бразилия, Болгария, Канада, Эквадор, Франция, Грузия, Япония, Қозоғистон, Мўғулистон, Россия Федерацияси ва Туркия терма жамоалари билан куч синашади.
Кеча ўғил ва қизлар ўртасидаги 4 та вазн тоифасида кечган жаҳон чемпионатининг сўнгги кунги беллашувларида ўзбекистонлик дзюдочи ёшлардан Самандар Суннатов, Жўрабек Эшпўлатов, Алибек Дурдиев ва Пошшажон Жумабоева совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Шиддатли ва муросасиз курашларда Пошшажон Жумабоева -70 килограмм вазн тоифасининг илк саралаш мусобақасида Греция вакили Мария Элени Папайоаннуга имкониятни бой бериб қўйди.
-81 кило оғирликда татамига чиққан Самандар Суннатов саралаш мусобақасининг илк курашида франциялик дзюдочини мағлуб этган бўлса, ярим финал остонасида беларуслик рақибига йўл берди.
-90 килограммда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Жўрабек Эшпўлатов саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди. Ярим финалда озарбайжонлик Нураддин Алиевни енгди. Финалда эса россиялик Артем Никулинга очколар ҳисобида йўл бериб, жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди.
+90 килограмм оғирликда татамига чиққан терма жамоамиз аъзоси Алибек Дурдиев ярим финал остонасигача етиб бориб, дунё биринчилигини кучли бешликда якунлади.
Жаҳон чемпионати яккалик мусобақалари сарҳисобига кўра, 1 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси 60 та давлат орасида умумжамоада 3-ўринга эга чиқди.
Чемпионат натижалари ҳолатида 16 та олтин медаль 11 та миллий терма жамоа, кумуш ва бронза медаллар эса 22 та давлат вакиллари ҳиссасига тўғри келди.
Медаллар жамғаришда Россия терма жамоаси 4 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза билан 1-ўриндан, 3 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медаль соҳиби бўлган Қозоғистон дзюдочи ўсмирлари 2-ўриндан жой олди.
Т. Рўзиев, ЎзА