Мексикада Камилла ва Мария ўзаро тўқнашади
Мексикадаги нуфузли теннис турнирида икки вакилимиз саралаш босқичидан муваффақиятли ўтди. Энди улар асосий тўрга йўлланма учун ўзаро ҳал қилувчи баҳсда кортга чиқади.
Мексиканинг Монтеррей шаҳрида теннис бўйича «Abierto GNP Seguros» турнирининг саралаш баҳслари давом этмоқда. WTA 500 таснифидаги ушбу мусобақада мамлакатимиз шарафини икки теннисчи — Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеева ҳимоя қилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Қувонарлиси, саралаш босқичининг дастлабки учрашувида Камилла Раҳимова франциялик Леолия Жанжанни 6:4, 4:6, 6:2 ҳисобида таслим этган бўлса, Мария Тимофеева таиландлик Ланлана Тарарудини 7:6, 2:6, 7:6 ҳисобида енгди.
Саралаш баҳсларига ташланган қуръа натижасига кўра, энди икки теннисчимиз асосий тўрга йўлланма берувчи финал босқичида ўзаро рақобатлашади. Мазкур баҳс мамлакатимиз вақти билан 24 август куни соат 02:00 да старт олади.
Маълумот учун, «Monterrey Open» мусобақасининг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион 206 минг 446 АҚШ долларини ташкил этади. Яккаликлар баҳси ғолиби 500 рейтинг очкоси ҳамда 185 минг 500 доллар мукофот пулини қўлга киритади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА