Орзу ва умидлар рўёби
Инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири саналади.
Тошкент вилоятида ҳам бу борадаги эзгу ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушган, турли сабабларга кўра уй-жойга муҳтож бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят фаоллари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда саховатпеша тадбиркорлар Зангиота зиёратгоҳида жам бўлди.
Дастлаб муқаддас зиёратгоҳ зиёрат қилиниб, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилинди. Хайрли ниятлар билан жонлиқ сўйилиб, дуолар қилинди. Шундан сўнг инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга қаратилган эзгу ташаббуслар давом эттирилди.
Таъкидлаш лозимки, Тошкент вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғир шароитини енгиллаштириш ва ҳаётида янги саҳифа очишга қаратилган хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган бир қатор оилалар учун янги уй-жойлар барпо этилиб, уларга хонадон калитлари тантанали равишда топширилди.

Янги хонадон соҳиблари учун бу кун, шубҳасиз, ҳаётдаги энг қувончли ва унутилмас кунлардан бири бўлди. Энди улар ўз уйининг остонасидан хотиржамлик ва умид билан қадам қўяди. Оилалар янги хонадонда фарзандлари билан фаровон ҳаёт кечириш, келажакка ишонч билан интилиш имконига эга бўлади. Улар ўзларига кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик, айниқса, хонадонли бўлишига кўмаклашган саховатпеша тадбиркорларга самимий миннатдорлик билдирди.
Аслида вилоятда бундай хайрли ишлар биргина байрам арафасидаги тадбирлар билан чекланмайди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш, оғир вазиятга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди идоралар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, саховатпеша тадбиркорларнинг ташаббуслари эҳтиёжманд оилалар ҳаётида муҳим ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.
Зеро, хонадон – инсон учун шунчаки яшаш жойи эмас. У оила тинчлиги, фарзандлар камоли, орзу ва умидлар рўёбга чиқадиган маскандир. Шу маънода, оғир шароитда яшаётган оилаларга уй-жой топширилиши уларга нафақат моддий кўмак, балки келажакка бўлган ишонч, эртанги кунга умид бағишлайди.
А.Мусаев,ЎзА