Орхус маркази — экологик очиқлик ва жамоатчилик иштирокининг янги босқичи
Экологик муаммоларни самарали ҳал этиш нафақат давлат идораларининг, балки бутун жамиятнинг фаол иштирокини талаб қилади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида очиқлик, шаффофлик ва аҳолининг ишончини мустаҳкамлашда Орхус марказларининг аҳамияти беқиёс.
Давлат экологик экспертизаси марказида Орхус марказини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Орхус марказининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари, унинг асосий фаолият йўналишлари ҳамда фуқароларнинг экологик ахборотлардан эркин фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, марказ аҳолининг атроф-муҳит ҳолати ҳақидаги ишончли маълумотларга эга бўлишини таъминлаш, экологик қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчилик иштирокини кучайтириш ва экологик адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда экологик масалалар фақат мутахассислар доирасидагина эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётига дахлдор мавзулардан бирига айланган. Шу боис экологик ахборотнинг очиқлиги ва ундан эркин фойдаланиш имконияти жамиятда экологик маданиятни юксалтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Орхус маркази айнан шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Муҳокамалар давомида Жамоатчилик кенгаши аъзолари марказ фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳолига экологик маълумотларни тезкор ва ишончли етказиш, экологик таълим ва тарғибот ишларини кенгайтириш ҳамда давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди. Бу таклифлар марказнинг келгусида самарали ишлаши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Йиғилиш кун тартибида Орхус маркази раҳбари лавозимига номзодларни кўриб чиқиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Номзодларнинг касбий салоҳияти, экология соҳасидаги тажрибаси, бошқарув кўникмалари ҳамда марказни ривожлантириш бўйича таклифлари атрофлича баҳоланди. Бу эса янги ташкил этилаётган марказга малакали ва ташаббускор раҳбарни танлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Йиғилиш якунида Орхус марказини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш, Жамоатчилик кенгаши билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида шакллантириш бўйича келишувга эришилди.
Энг муҳими, мазкур ташаббус мамлакатимизда экологик очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини янада кенг рўёбга чиқариш, жамоатчиликнинг экологик бошқарувдаги иштирокини кучайтириш ҳамда барқарор ривожланиш тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА