Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қандай ташкил этилган эди?
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида янги ўқув йили муносабати билан 1-босқич бакалавриат ва магистратура талабалари иштирокида “Биринчи курс мактаби”, “Мустақиллик дарслари” ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизматига кўра, ушбу илм даргоҳидаги навбатдаги тадбирлардан бири ислом маърифати ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва халқаро миқёсда эътироф этилган сулола – Муфтий Бобохоновлар сулоласининг меросини ўрганиш ва ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мавзусига бағишланди.
Тадбирда Муфтий Бобохоновлар жамғармаси вакиллари, диний уламолар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди. “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси ташкил этилиши” мавзусида бўлиб ўтган учрашувни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази етакчи илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари мўмин-мусулмонларимиз томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожи йўлида беқиёс хизматлар қилгани тўғрисида сўз юритди.
Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш кузатилди. 1943 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ташкил этилади. Ўша даврда Диний бошқарма фаолияти бешта собиқ совет республикаси – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни қамраб олган эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси муфтийси сифатида бир овоздан Эшонхон Бобохон тайинланади.
– Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир пайтида собиқ иттифоқ аҳолисининг Ислом динига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгара бошлади, – дейди “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири Неъматулла Муҳамедов. – 1943 йил 31 июлда Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний бошқармаси ташкил этилади. Муфтий Эшон Бобохонга Диний Идора бошқарувини ташкил этиш ва уни йўлга қўйишда мазкур зотлардан ташқари ўзларининг ўғиллари Зиёвуддинхон қори, Камолиддинхон қори, Бадриддинхон ва Носирхонлар яқиндан ёрдам беришади. Шу йили Тошкентда I қурултой ўтказилади. Унда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармасини ташкил этиш ва Эшон Бобохонни муфтий этиб сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Манбаларга кўра Эшон Бобохон Диний бошқармага раҳбарлик қилган даврда Мир Араб мадрасасининг ўқув даргоҳи сифатида расман фаолият кўрсата бошлади. Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд, Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Душанбедаги Хожа Яъқуб Чархий, Тошкентдаги Имом Қаффол Шоший каби зиёратгоҳлар очилди. Вилоятлар марказларида йирик жомеъ масжидларининг ишга туширилди. Бир қатор исломий осори-атиқаларни таъмирланди, бундан ташқари, бошқа кўплаб хайрли ишлар бевосита у зотнинг раҳбарлигида амалга оширилди.
Тадбир давомида талабаларга Бобохоновлар сулоласининг юртимизда динимиз ривожи йўлида кўрсатган меҳнатлари акс этган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Сўзга чиққанлар мазкур сулола диний-маърифий соҳадаги хизматларини эътироф этдилар.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири