Оролбўйи йирик қурилиш майдонига айланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва доимий эътибори туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ислоҳотлар, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари янги босқичга кўтарилмоқда.
Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш борасида қабул қилинаётган алоҳида фармон ва қарорлар ҳудуд тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворига айланмоқда.

— Ушбу эътибор ва ғамхўрлик натижасида бугун Оролбўйининг барча ҳудудларида, хусусан, Нукус шаҳрида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Азамат Уразимбетов. — Янги уй-жой массивлари, замонавий ижтимоий объектлар, спорт иншоотлари ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши бу ўзгаришларнинг яққол ифодасидир. Энг муҳими, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳар бир фуқаронинг кўз ўнгида, халқ манфаати йўлида амалга оширилмоқда. Бугун қад ростлаётган ҳар бир бино, реконструкция қилинаётган ҳар бир объект эртанги фаровон ҳаёт, қулай яшаш муҳити ва ҳудуд тараққиётининг амалий ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини замонавий ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш, кўп квартирали уй-жойлар қурилишини жадаллаштириш ҳамда янги турар жой массивларини барпо этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур фармонга асосан, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 4 минг 206 та хонадонли кўп квартирали уй-жойни фойдаланишга топшириш белгиланган. Ҳисобот даврида республика бўйича 993 та хонадонли 27 та кўп квартирали уй-жой фойдаланишга топширилди. Шундан 140 та хонадонли 4 та кўп квартирали уй-жой “Янги Ўзбекистон” массивидан фойдаланишга берилди.
Йил якунига қадар белгиланган уй-жой қурилиши кўрсаткичларига эришиш мақсадида қурилиш жараёнларини қатъий назоратга олиш, объектларда қурилиш-монтаж ишларини белгиланган жадвал асосида олиб бориш, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш ҳамда уй-жойларни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Бугунги кунда Кегейли, Қонликўл, Қораўзак, Амударё ва Элликқалъа туманларида 5 та “Янги Ўзбекистон” массиви ташкил этилган. Мазкур массивларда аҳоли учун замонавий кўп квартирали уй-жойлар барпо этиш билан бир қаторда, ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 18–19 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига амалий ташрифи давомида ҳудуддаги қатор йирик қурилиш ва саноат объектлари билан танишиб, янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда қурилишига старт бериш маросимларида иштирок этди. Шунингдек, Toshkent City тажрибаси асосида Nukus шаҳрида замонавий “Nukus City” барпо этиш ташаббусини илгари сурди.
Шу доирада Нукус шаҳрида ёш оилалар учун барпо этиладиган “Янги Ўзбекистон” турар жой массивининг лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Лойиҳа учун 270 гектар майдон ажратилиб, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бошланган. Мазкур ҳудудда 30 минг нафар аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жой, йирик бизнес марказлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда замонавий кўнгилочар объектлар қурилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа Нукус шаҳрининг замонавий қиёфасини шакллантириш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ва шаҳар инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири