Бемор болалар Германияда даволанади
Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида Навоий, Жиззах, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида яшовчи 90 нафардан ортиқ бемор бола Германия клиникаларида даволаниш учун кўрикдан ўтказилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” ташкилоти ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа туғма ортопедик патологиялар, юз-жағ соҳасидаги нуқсонлар ҳамда куйиш оқибатларидан азият чекаётган болаларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишни назарда тутади.
Хусусан, 2003-2025 йиллар давомида германиялик мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилиб, хорижда жарроҳлик амалиёти ўтказишга зарурати бўлган 447 нафар бола Германияга олиб борилиб, даволанган.
– Бемор болаларда жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ёки асосий даволаш курси якунлангани билан уларга ёрдам тўхтаб қолмайди, – дейди “Friedensdorf International” ташкилоти вакили Раисса Лиза. – Узоқ муддат даволанаётган болалар учун “Соғлом авлод учун” фонди орқали ҳар йили зарур дори воситалари юборамиз. Ўзбекистонга келганимизда саломатлигидан хабардор бўламиз.
Ҳамкорлик доирасида туғма юрак нуқсонлари билан туғилган болаларга ҳам зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Маълумотларга кўра, 2009-2023 йиллар давомида тегишли дастурлар асосида Ўзбекистонда ва хорижда ушбу ташхис билан яшовчи 1360 нафар беморда жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири